BBC navigation

Туркияда Президент Ўзалнинг жасади қазиб олинди

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 11:39 GMT

Турғут Ўзал Туркия президенти лавозимида 1989 йилдан 1993 йилгача хизмат қилган

Туркияда марҳум президент Турғут Ўзалнинг жасади унинг ўлими сабаблари борасида узоқ давом этган тортишувлар ва баҳслар ортидан сешанба куни қазиб олинган. Жасад энди ёриб кўрилади.

Бу ҳақидаги буйруқ Анқара Бош Прокуратураси томонидан берилган. Бош Прокурор Турон Чўлоққоди Туркиянинг Ҳуррият нашри билан суҳбатда жасадни Истанбулнинг Тўпқопи саройидаги қабридан чиқариб олиш амалиёти жуда эҳтиёткорлик билан бир ҳафта давомида режалангани ва эндиликда муаммоларсиз амалга оширилганини билдирди.

У жаноб Ўзалнинг жасади маҳкама тиббиёти институтига жўнатилганини айтди.

Туркиянинг саккизинчи президенти Турғут Ўзал Туркия сиёсий тарихидаги фундаментал ўзгаришларнинг рамзи дея кўрилади.

У 1993 йили 17 апрелда ўзининг Анқарадаги идорасида юрак хуружидан вафот этганди. У даврда Ўзалнинг ўлими борасидаги шубҳалар асоссиз дея эълон қилинган, лекин жасад ёриб кўрилмаган.

Бироқ, унинг беваси Самра Ўзал хар доим ўз эри оғир метал моддаси билан захарланганини даъво қилиб келган ва хатто хориждаги банкда Ўзалнинг бир қисм сочини сақлашини билдирган.

Ниҳоят, жорий йилнинг 13 июнида Туркия давлат аудит кенгаши Ўзалнинг ўлимини шубҳали дея топди ва буни текширишга буйруқ берди.

Жасаднинг қабрдан олинишини бевосита кузатган Маҳкама Тиббиёти Институтининг раҳбари Ҳолиқ Инжа жасаднинг қай аҳволда эканини ошкор қилишдан бош тортди ва жасад тиббий текширувлар учун арзигулик ҳолда эканини билдирди, холос.

Текширувлар жаноб Ўзал ҳақиқатдан ҳам захарланганини фош қилиши мумкинми деб сўралганда, жаноб Инжа ҳозирги босқичда бирон нима дейиш қийин эканини айтди.

"Текширувларни қилмасдан туриб бирон изоҳ бериш тўғри эмас деб биламан. Аввалига терговни ўтказайлик, кейин хулосамизни оммага очиқлаймиз", - деди у. Жаноб Инжа жасадни жаноб Ўзалнинг оиласига қайта дафн қилиш учун жума ё шанба куни қайтаришларини билдирди.

Бироқ, тиббий таҳлилий ишлар икки ой давом этиши кутилади.

Турғут Ўзалнинг жасади Истанбулдан пойтахт Анқарага юборилади ва унинг ўлимига захарланиш сабаб бўлган ё бўлмаганини аниқлаш учун келгуси икки кун давомида токсикология текширувлари ўтказилади.

Текширувларни етти мутахассисдан иборат жамоа олиб боради ва барча анализлар қаттиқ хавфсизлик чоралари билан ҳимоя қилинади.

Мутахассислар орасида антрополог, геолог муҳандис ва кимё мутахассислари бор. Бироқ, уларга бошчилик қилаётган жаноб Инжа аввалги интервьюсида собиқ президентнинг ўлими кўп йиллар аввал юз бергани туфайли унинг аутопсияси ҳеч қандай натижа бермаслиги мумкинлигини айтганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.