BBC navigation

Дубайда 'муҳаббат мақбараси' - Тож Маҳал нусхаси барпо этилади

Сўнгги янгиланиш 4 октябр 2012 - 10:54 GMT

Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида Ҳиндистондаги энг машҳур обида - Тож Маҳал нусхасини барпо этишга оид меъморий лойиҳа эълон қилинган.

Лойиҳа 1 миллиард АҚШ долларига тушиши айтилади.

Арабистондаги Тож Маҳал мажмуаси аслига қараганда анчайин йирик бўлиши кўзда тутилади.

Лойиҳага бош қўшган масъуллардан бири Арун Меҳрага кўра, мажмуа 300 хоналик меҳмонхона, дўконлар ва тижорий биноларни ҳам ўзига бирлаштиради.

Янги иншоот 2014 йил қуриб битказилиши ва "Янги муҳаббат шаҳри" деб ном олиши кутилмоқда.

Мажмуада ичида Париждаги Эйфел, Миср пирамидалари ва Буюк Хитой деворига ўхшаш бошқа иморатлар ҳам барпо этилади.

Муҳаббат мақбараси ҳисобланган Тож Маҳал Ҳиндистон шимолидаги Агра шаҳрида қад кўтарган ва бугунда ЮНЕСКОнинг Жаҳон Маданий мероси рўйхатидан жой олган.

Дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида таърифланадиган ушбу меъморий обидани бундан 350 йил муқаддам бобурий шаҳзода Шоҳжаҳон оламдан ўтган суюкли рафиқаси малика Мумтоз Маҳал хотирасига бунёд этган эди.

Тарихий манбаларда Тож Маҳални тиклаш учун 20 йилдан ортиқ вақт сарфлангани ва унда 20 минг одам ишлагани ёзилади.

Оппоқ мармардан барпо этилган ушбу мўъжизакор иморат Жамна дарёси бўйида жойлашган. У баъзан "ёноқдан оқаётган кўз ёши"га ҳам қиёсланади.

Дубайда қад кўтаражак янги Тож Маҳал атрофида Тож Арабия мажмуасини қуриш режаланмоқда.

Меҳра жанобларига кўра, Тож Арабия ишқ-муҳаббатнинг янги манзили бўлишига ва севишганларни ўзига тортишига умид қилинмоқда.

Мажмуани қуриш аввалроқ режаланган, аммо унга масъул ширкат глобал иқтисодий инқироз таъсирига тушаркан, ортга ташлаб қўйилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.