BBC navigation

Америкалик ўзбек: 'Обамани дастаклаб кичик молиявий ёрдам кўрсатдик'

Сўнгги янгиланиш 10 октябр 2012 - 10:20 GMT

Америка президентилигига даъвогарларнинг илк телемубоҳасасини кузатар эканман, хаëлимдан: "Тўрт йил тўрт кундек ўтиб кетибди", деган ўйлар кечди.

Тўрт йил муқаддам АҚШга янги келган муҳожир бўлганим учун сайловда овоз бера олмагандим.

Аммо, бу сиëсий жараëнда қатнашиб, аниқроғи, Барак Обаманинг ғалабасига қўлимдан келганча ҳисса қўшиш истагида кўнгилли бўлиб ишладим.

Мана энди Америка фуқаролигини олгач, мен илк бор сайловда қатнашиш имконига эга бўлдим.

Шахсан мен ва оила аъзоларим учун кутилаётган сайловлар ўта муҳим ва ҳаяжонли ҳодиса.

Нима учунлигини сўрасангиз, Совет жамиятида катта бўлиб яшаганим учун мен чин маънодаги эркин ва демократик сайловда ҳеч қачон иштирок этмаганман.

Америкадаги минглаб одамлар қатори мен ҳам сайловолди жараëнларни синчковлик билан кузатиб боряпман.

Чунки, ким президентликка сайланмасин, демократлар номзоди - жорий Президент Барак Обамами ё-да, республикачи номзод Мит Ромни бўладими, бу нафақат Америка ва америкаликлар ҳаётига, балки дунëдаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу икки номзод нафақат рақиб партиялар вакиллари, уларнинг сиёсий қараши ҳам икки қутбдек фарқ қилади.

Назаримда, Обама олиб бораëтган сиëсат оддий одамларга, халққа ëрдам беришга қаратилган.

Балки, унинг қарашларига кўп жиҳатдан ўзи ўртаҳол оилада катта бўлганлиги ва ўз кучи билан мувафаққиятга эришгани таъсир кўрсатган.

Обаманинг рақиби Мит Ромни эса, назаримда, асосан бадавлат одамлар ва гуруҳлар манфаатларини ҳимоя қиладиган номзод.

У яқинда кичик доирадаги ҳомийлари билан учрашуви пайти аҳолининг 47 фоизи уни қизиқтирмаслиги ҳақида очиқ гапирди.

Ромни ҳукумат ëрдамига мухтож аҳоли, яъни камдаромадли ëки кўп болали оилалар, кексалар ва ногиронларни назарда тутиб гапирган.

Мит Ромнининг сайлов дастури, аввало аҳолининг ҳаёти шундоқ ҳам фаровон бўлган бой қатлами учун янада кўпроқ имтиëзлар яратишни кўзлайди.

Лекин, қизиғи шундаки, айрим виждонли бадавлат одамлар, жумладан, миллиардер Уоррен Баффет, йирик компаниялар эгалари ва Ҳолливуднинг кўпгина юлдузлари Барак Обамани қўллаб-қувватлашмоқда.

Ваҳоланки, у бюджет тақчиллигини камайтириш йўлида йиллик даромади 250 минг доллардан кўпроқ бўлган кишилар учун солиқларни ошириш режасини илгари суряпти.

Бунинг устига, Мит Ромнининг бир гапда турмаслиги, у ëки бу масала бўйича позициясини ўзгартириб туриши, баъзи ҳолларда сайловчиларга ëқиш учун бажариб бўлмайдиган ваъдалар бериши ва ҳатто ҳақиқатга тўғри келмайдиган гапларни айтиши унинг қанчалар ҳаққоний ва принципиал давлат раҳбари бўлиши оид шубҳаларни пайдо қилган.

Америкадаги сайловларнинг хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда энг кўп маблағ жамғарган номзод ғалабага эришар экан.

Нимага дейсизми? Гап шундаки, аҳоли орасида ташвиқот ишларини олиб бориш, эшикма-эшик юриб одамларни у ëки бу номзод учун овоз беришга даъват этиш, ахборот воситалари орқали номзодни тарғиб қилиш учун анчагина пул керак.

Мен кунда электрон почтам орқали дам Обаманинг сайловолди кампанияси ходимлари, дам унинг ўзи, гоҳида эса, рафиқаси Мишел номидан, баъзан вице-президент Жо Байден, ҳатто Мишел Обаманинг онаси номларидан молиявий ëрдам кўрсатишни сўровчи мурожаатлар оламан.

Масалан, Мишел Обаманинг онаси Робинсон хоним номидан қизи ва куëви турмуш қурганларининг 20 йиллиги кунида хат олдим.

У ўз мурожаатида фарзанди билан фахрланиши ҳамда мен президентнинг оддий оилалар учун қилаëтган ишлари қадрига етаëтганимга ишончи комиллиги ëзади.

Ўртаҳол оила бўлсак-да, рўзғорга ажратилган пулдан Обамани қўллаб-қувватлаш учун кичик миқдорда пул юбордик.

Америкадаги қонунлар бўйича, молиявий ëрдамнинг максимал миқдори ва уни кимлар бериши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилган экан.

Шунга қарамай, маълум бўлишича, Ромнини Уолл Стрит, яъни йирик молиявий тузилмалар вакиллари дастаклашяпти.

Айни пайтда, Барак Обаманинг сайловолди кампанияси раҳбарларидан бири юборган мактубга кўра, сентябр ойида йиғилган 281 миллион долларлик маблағнинг 98 фоизи оддий одамлар томонидан юборилган.

Хатда ёзилишича, бир хизматчи аëл ҳар ойда 6 доллар жўнатиб турар экан ва: "Майли, бир-икки сафар ҳамбургер емасам емабман", деб ëзиб юборибди.

Умуман олганда, америкаликлар сайловда қатнашиш масаласига жиддий қарашади.

Мен шунга эътибор бердимки, ҳатто Америка фуқаролигини қабул қилиш маросимида табрик сўзлари билан мурожаат қилган расмий вакил янги америкаликларнинг сайловда иштирок этишлари ҳам бурч ва ҳам шараф қабилида гапирди.

Қоидаларга кўра, овоз бера олиш учун, дастлаб рўйхатга туриш керак. Аммо, мени жуда ажаблантиргани, рўйхатга тураëтган пайтда сиз қайси партия тарафдори эканлигингизни билдиришингиз керак.

Сайловолди жараëн сўнгги паллага кирар экан, номзодлар илгари сураëтган дастурлари бўйича баҳсу мунозаралар матбуотда, ижтимоий тармоқларда кучайиб боряпти.

Баъзида баҳслар шу қадар қизғин тус оладики, кимдир ҳатто Фейсбук тармоғида: "Дўстлар, ўйлаб гапирайлик, сайловдан кейин бир-биримизнинг юзимизга қаролмайдиган даражада муносабатларимиз ëмонлашиб кетмасин", деб ëзибди.

Лекин, шуни ҳам айтиш керакки, ўтган сайловларда Барак Обама учун овоз берган айрим танишларимдан Обама уларнинг умидларини оқлай олмагани ҳақида эшитяпман.

Шу билан бирга, номзод масаласида ҳали қатъий бир қарорга келмаган, ҳозирча иккиланиб турган сайловчиларга Мит Ромнининг қарашлари хуш келмаяпти.

Масалан, Ромнининг кексалар учун мўлжалланган тиббий хизматлар ва қатор ижтимоий ëрдам дастурларини кескин қисқартириш, ўрта даромадли оилаларга бериладиган айрим имтиëзларни бекор қилиш каби режалари, табиийки, одамларда хавотир уйғотмоқда.

Президент Обаманинг рақиби Ромни: "Орадан тўрт йил ўтиб ҳаëтингиз яхшиландими?" деган савол билан сайловчиларга мурожаат қилмоқда.

Унинг таъкидлашича, Обама раҳбарлигида халқнинг ҳаëти янада ëмонлашган, ишсизлик даражаси баландлигича қолмокда. Нарх-наволар ошиб боряпти.

Лекин, Президент тарафдорлари у амалга ошираётган ишлар мамлакат иқтисодини аста-секин ўта чуқур таназзулдан чиқараëтгани, Обама одамлар оғирини енгиллаштирувчи бир қанча қонунлар қабул қилганини урғулашяпти. Аммо, бу масалалар - кейинги лавҳамиз мавзуси.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.