BBC navigation

Teliasonera раҳбари 'эртароқ истеъфога кетишга мажбур бўлмоқда'

Сўнгги янгиланиш 12 октябр 2012 - 10:35 GMT

Ўзбек лицензияси юзасидан можаро жаноб Найбергнинг истеъфосини тезлаштириши мумкин

Швед матбуотига кўра, Ўзбекистондаги лицензияси учун пора бергани ҳақидаги иддаолар ортидан Teliasonera ижрочи директори Ларс Найберг эртароқ истеъфога кетиши мумкин.

Инглиз тилидаги The Local янгиликлар вебсаҳифасининг ёзишича, Ўзбекистондаги Ucell мобил алоқа ширкатининг эгаси бўлган Teliasonera аллақачон ўзига янги ижрочи директор қидира бошлаган.

"Найберг 2013 йил охирида лавозимни тарк этиши керак эди, аммо афтидан у фин-швед телеком ширкатидан аввалроқ кетади", деб ёзади веб саҳифа.

Швед нашрига кўра, Найбергнинг лавозимдан кетиши Teliasoneraнинг Ўзбекистон ва Беларусдаги "диктаторликлар билан бизнес келишувлари ҳамда қатор порахўрлик можаролари туфайли тезлашган".

Швецияда чиқадиган Dagens Nyheter рўзномасининг маълумотича,Teliasonera Найбергнинг ўрнига одам топишда ёрдам сўраб, Оврўпонинг энг йирик ширкатларидан бирига мурожаат этган.

Ўтган ҳафта Швеция Молия вазири Питер Норман Teliasonera директорлар кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритишни талаб қилган.

Швед вазирининг айтишича, Teliasoneraнинг энг кўп ҳиссаларига эга бўлган швед ҳукумати кенгаш аъзолари орасида инсон ҳуқуқлари соҳасида тажрибали шахсларни кўришни истайди.

Пул ювиш иддаолари

Ўтган ой Швециянинг Жамоатчилик телевидениеси - SVT Teliasonera Ўзбекистондаги лицензияси учун пул тўлаган Takilant Ltd ширкати раҳбари Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахс экани айтилган филмни намойиш этган эди.

Teliasonera бу тўловнинг қонуний бўлганини айтган ва Ўзбекистондаги бизнесини ҳимоя қилган.

Ширкатнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати телеком лицензиясини Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant Ltd га сотган, Teliasonera эса лицензия ва телефон рақамларини Takilant дан сотиб олган.

Швед журналистлари Takilant га берилган бир неча юз миллион доллар маблағларнинг ҳеч қаерда қайд этилмаганини айтишган ва бу пуллар пировардида Президент Каримов оиласининг чўнтагига бориб тушган бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурганлар.

Швеция прокуратураси Teliasonera нинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан текширув бошлаган.

Жаноб Найберг Teliasonera порахўрлик иддаолари юзасидан текширувда тўла ҳамкорлик қилишини айтиб, даъволар исботлангани тақдирда истеъфога кетишини билдирган.

TeliaSonera 2007 йили Ўзбекистонга сармоя киритиш жараёни юзасидан текширув ўтказиш учун Швециядаги нуфузли Mannheimer Swartling юридик ширкатини ёллаган.

Mannheimer Swartling ширкати 5 йил муқаддам TeliaSonera Гибралтарда рўйхатдан ўтган ширкатдан 3G мобил алоқа хизмати кўрсатиш учун лицензия сотиб олаётган ва Ўзбекистонга сармоя киритаётган пайти коррупция ва ё пул ювиш билан боғлиқ амалларига қўл урганми ё-да, йўқлигини ўрганади.

Текширув натижалари кенг жамоатчиликка ошкор этилиши кутилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.