BBC navigation

'Обама жангга қайтди' ва ё америкалик ўзбекнинг кузатувлари

Сўнгги янгиланиш 18 октябр 2012 - 09:58 GMT

'Обама қайтди', 'Президент зарба кетидан зарба берди', 'Шижоатли Обама зарбани қайтарди', булар - Обама ва Ромни ўртасида сайловолди телебаҳснинг иккинчи давраси якунланганидан сўнг газета ва интернет нашрлари чоп этган сарлавҳаларнинг баъзилари.

Уларни ўқиган одам гап боксчилар кураши ҳақида кетяпти, деган фикрга бориши мумкин. Лекин, Америка президентилигига даъвогар Президент Барак Обама ва унинг рақиби Митт Ромнинг иккинчи телемунозарасини кузатган одамда айнан шундай таасурот пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас.

Мен ҳам барча ишларимни четга суриб, мана шу баҳсни ҳаяжон билан томоша қилдим.

Чунки, илк мунозарада Барак Обама ўз рақиби ҳужумларини деярли жавобсиз қолдириб, заифдек кўринган ва мен: "Нега Обама Ромнига бас кела олмади, рақибининг ҳақиқатга зид баëнотларини инкор қилмади ва нима учун одамлар ҳаëтини яхшилашга қаратилган ишлари ҳақида деярли гапирмади", дея жаҳлим чиққанди.

Аммо, иккинчи мунозарада мутлақо ўзгача Обамани кўрдим. Табиатан анчайин камтар ва маданиятли Обама бу гал Ромнининг ҳужумкор ва ҳатто қўпол тактикасига бўш келмади.

У рақибининг иқтисод, аëллар масаласи, соғлиқни сақлаш тизимига оид қарашлари ва режаларини фош қилди. Бу сафар Барак Обама халққа, минглаб сайловчиларга мурожаат қилишдек ноëб имкониятни қўлдан бой бермади.

У ўз раҳбарлигида тўрт йил ичида амалга оширилган ишлар, қабул қилинган қонунлар моҳиятини имкон қадар содда қилиб тушунтирди ва бу ишлар одамлар ҳаëтига кандай таъсир кўрсата бошлагани борасида бирма-бир сўзлади.

Хусусан, у одамлар орасида ва матбуотда "Obamacarе", яъни Обаманинг соғлиқни сақлаш дастури деб ном олган қонун афзалликларидан гапирди.

Мана шу қонунга биноан, шу пайтгача у ëки бу хасталик туфайли ё-да, ишсизлиги боис суғурта ололмай юрган мингларча одамлар илк бор кафолатланган тиббий хизматлардан баҳраманд бўлишмоқда.

Америка ташқарисида яшовчи одам: "Тиббий суғуртанинг аҳамияти неқадар?" деб сўраши мумкин. Собиқ совет мамлакатлари ва қатор ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, АҚШда тиббий хизматлар қиймати ўта баланд. Суғуртаси бўлмаган киши оғир касалликка чалинса, тиббий муложааларни қоплаш учун у ва оиласи хонавайрон бўлиши, ҳатто уйсиз-жойсиз қолиши мумкин.

Назаримда, Президент Обама тарихда қоладиган қонунни кучга киритди. Чунки, ундан олдин бир неча демократ-президент йирик суғурта компаниялари ва уларни қўлловчи сиëсатчиларнинг ашаддий қаршилиги боис бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганди.

Барак Обама тез-тез ўз қизларини мисол келтириб, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя килиш аҳамияти ҳақида гапиради. У президент сифатида имзолаган илк қонун аëллар ва эркаклар билан маошларини тенглаштириш ҳақидаги фармон бўлди.

Президент Обама молиявий соҳа тартибга келтириш йўлида ҳам анча ишларни амалга оширди. Уолл Стрит, яъни молиявий тизим ислоҳоти натижасида банклар фаолияти, уларнинг кредит ва ипотека пулларини бериш қоидалари маълум назорат остига олинди.

Обама таълим соҳасида ҳам муҳим қонунлар жорий қилди. Айни қонунлар асосида малака ошириш ëки янги касб-ҳунар ўрганиш ва бу билан иш топиш имкониятларини кенгайтириш истагидаги юзлаб одамлар давлат стипендиясига эга бўлдилар. Кредит олиб ўқиётган ëшлар эса, банкка камроқ фоиз тўлашадиган, демакки, қарзи камаядиган бўлди.

Албатта, Барак Обаманинг рақиби айтаëтган танқидларида жон бор. Ишсизлик даражаси юқори, авваллари энг барқарор сармоя ҳисобланган кўчмас мулк нархлари пасайиб кетган. Бензин ва озиқ-овқат нархлари кундан-кунга ошиб боряпти.

Сайловда иштирок этишни тарғиб қилувчи варақа

Алал-оқибат ҳукумат тепасига ким келишини сайловчилар ҳал қиладилар

Суратни катталаштириш

Мамлакатнинг ташқи қарзи борасида эса, ақл бовар қилмайдиган рақамлар берилмоқда. Аммо, адолат нуқтаи назаридан қарасак, Обама маъмурияти режалаган ҳамма ишларини амалга оширолмагани, иқтисод фақат мўътадил суръатларда ўнгланаëтганига президентнинг Конгрессдаги республикачи рақибларининг мунтазам саботаж ҳаракатлари ҳам сабабдир.

Республикачилар етакчилари Обаманинг бир муддатли президент бўлишини ўз олдига мақсад қилганларини яширмай гапирганлар. Шунинг учун, уларнинг Обама иқтисодни яхшилашни уддасидан чиқолмагани ҳақидаги бугунги танқидлари мунофиқликдек туйилади.

'Обама меҳнатлари мева бермоқда'

Бизнинг оила ҳам минглаб ўрта ҳол одамлар қатори Барак Обамадан кўпроқ ишларни амалга оширишини кутган эди.

Аммо, у ҳозиргача жорий эта олган қонунлар мева бераётганини оиламиз мисолида кўриш мумкин. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳаси ислоҳоти натижасида фарзандларимиз оилавий суғуртани сақлаб қолиш имконига эга бўлди. Илгари 21 ëшга тўлган ëки олий таълим муассасини битирган ëшлар ота-онаси суғуртасидан чиқариб юборилган.

Яна бир енгиллик шу бўлдики, ойликдан олинадиган солиқлар камайтирилди. Бу дегани, ўрта даромадли оилалар йилига тахминан 2, 500 долларни рўзғори учун сақлаб қоладиган бўлди.

Банк ислоҳоти ҳам оиламизга ëрдам берди. Олдин банк ҳисобингизда етарли маблағ бўлмасаю банк картасини ишлатсангиз катта жарима олинарди.

Масалан, банк масаласида тажрибасиз бўлган ўғлим ҳисобида пули камлигини билмай, ўзига бир-икки марта 5-6 долларлик овқат ëки ичимлик сотиб олган ҳоллар бўлган. Банк эса, ҳар гал унга 35 долларлик жарима солган. Обама амалга оширган ислоҳот туфайли бундай амалга чек қўйилди: агар ҳисобингизда пул кам бўлса, банк картасини ишлата олмайсиз, вассалом.

Айни ислоҳотлар натижасида биз ипотека шартларини ҳам яхшилашга муваффақ бўлдик. Илгари эса, банклар турли-туман сабабларни рўкач қилиб, ипотека фоизларини пасайтиришдан бош тортиб келарди.

Барак Обама президентликка келган пайтдаги вазиятни тўзиб ëтган бир хонадон билан қиëслаш мумкин. Назаримда, мамлакат аста-секин ҳамма нарсани тартибга келтириш босқичидан ўтди. Эндиликда, мана шу ишлар ўз маҳсулини бера бошлашига умид бор. Барак Обама ўзи бошлаган ишларини давом эттириш имконияга эга бўладими йўқлигини 6 ноябр куни сайловчилар ҳал қилишади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.