BBC navigation

АҚШ сайлови: номзодлар ташқи сиёсат устида тўқнашдилар

Сўнгги янгиланиш 23 октябр 2012 - 10:34 GMT

Дебат қизғин кечишига қарамай, икковлоннинг фикри кўп масалаларда бир жойдан чиқди.

АҚШ Президенти Барак Обама сайловлар олдидан ўтказилаётган учинчи ва якуний теледебатида Республикачи номзод Митт Ромнига қарши тажовузкорона чиқиш қилган.

Флоридада ўтган қизғин мубоҳасада президентликка икки номзод араб баҳори, Эрон, Исроил ва Хитой масалаларида тўқнашдилар.

Жаноб Обама ўз рақиби ташқи ишлар масаласига келганда, харитани тушунмаслигини айтди. Унга жавобан, жаноб Ромни Президент Обама Яқин Шарқ "бошбошдоқлик" ичида қолиб кетишига изн берганини даъво қилди.

Дебат ортидан ўтказилган икки оммавий фикр сўровига биноан, жаноб Обама дебатда устун келди.

"Ошиб бораётган бошбошдоқлик"

Душанба оқшомида бўлиб ўтган мубоҳаса бошланиши биланоқ Обама ўз рақибини сиқувга ола бошлади.

Лекин, таҳлилчиларга кўра, Обама сайловлар олдидан тарафдорлари ошиб бораётган Ромнига барибир "нокаут зарбаси"ни бера олмади. Ҳозирда икковлоннинг тарафдорлари сони тенг дея баҳоланади.

Бока Ратон шаҳридаги Линн Университетида ўтган ва фахрий Си-Би-Эс хабарлари бошловчиси Боб Шиффер томонидан олиб борилган дебат ўтган ҳафта бўлиб ўтган иккинчи дебатчалик қизғин кечмади. Унда Обама биринчи дебатда намойиш қилган "уйқусираган" чиқишидан фарқли ўлароқ, ўзини анча дадил тутганди.

Бироқ, шунга қарамай, кескин айтишувлар янгради. Обама ўз рақибини ташқи сиёсатга энди кириб келган ва мунтазам сиёсий қарашларга эга бўлмаган шахсдек кўрсатишга уринди.

Жаноб Обамага кўра, собиқ Массачусетс ҳокими бўлган Ромни АҚШ аскарларининг Ироқда узоқ қолишини қўллаб-қувватлаган, Россия билан ядровий битимлар имзоланишига қарши чиққан, ҳамда АҚШ Афғонистондан қачон чиқиб кетиши масаласида ҳадеб қарорларини ўзгартираверган.

"Яқин Шарқ масаласига келсак, АҚШга қудратли ва барқарор раҳбарият керак, янглиш, эҳтиётсиз ва харитани билмайдиган раҳбарият эмас", - деди Обама.

Лекин, жаноб Ромни Президент Обамани Яқин Шарқ бўйлаб "бошбошдоқлик тўлқини ошиб бориши"да айблади ва бу билан у ал-Қоида ривожланишига замин яратганини даъво қилди.

"Мен уни Усама бин Лодинни ўлдиргани ва ал-Қоида раҳбариятига қарши курашгани билан табриклайман. Лекин, бу вазиятдан фақат қотилликлар билан чиқа олмаймиз. Бизга мунтазам стратегия керак", - деди Ромни.

Жаноб Обама ҳазиломуз жавоб бера туриб, Ромни жаноблари ал-Қоида таҳдидини тан олганидан хурсанд эканини айтди ва ўтмишда Ромни Россияни АҚШнинг энг жиддий геосиёсий душмани деб айтганини эслатди.

"Биламан, шу кунгача ташқи ишлар билан амалда ишлаш мавқеида бўлмагансиз, лекин ҳар сафар бирон фикр билдирганингизда, бу хато фикр бўлган", - деди Обама.

Дебат давомида ўзини босиқ тутган жаноб Ромни Президент Обаманинг Яқин Шарққа қилган сафарини "кечирим сафари" дея таърифлаб, Обама Американи ўз душманларига ожиз қилиб тақдим қилгани ва яқин иттифоқчи бўлмиш Исроилни айланиб ўтганини айтди. Жаноб Обама бу иддаони сайловолди кампаниянинг "энг катта ёлғони" дея тасвирлади.

Эрон масаласида Ромни Эрон ядровий масаласи ҳал қилинмаганини танқид қилди, аммо, Эронга қарши ҳарбий ҳужум энг сўнгги йўл бўлиши кераклигини айтди.

"Камроқ отлар ва милтиқлар"

Рақибларнинг фикри кўпгина масалаларда бир жойдан чиқди. Улар Исроилга дастак бериш кераклиги ва АҚШнинг Сурияга қарши ҳарбий аралашувига қарши эканларини таъкидладилар, ҳамда Хитой савдо қоидаларига бўйсуниши лозимлигини айтдилар.

Жаноб Ромни, шунингдек, президентнинг Афғонистондан қўшинларни 2014 йилгача олиб чиқиш сиёсатини қўллаб-қувватлади. Шу кунгача Ромни бу қарорга қарши чиқиб келган.

Энг қизғин бир айтишувда Обама Ромни жанобларининг бугунги кунда АҚШ Биринчи Жаҳон Урушидагидан кўра камроқ кемаларга эга дея шикоят қилгани устидан кулди.

"Сиз, масалан, денгиз кучларини тилга олдингиз. Биз 1916 йилгига қараганда камроқ кемаларга эгамиз, дедингиз. Менга қаранг, ҳоким, бизда бугун 1916 йилга қараганда отлар ва милтиқлар ҳам камроқ қолган", - деди Обама.

Дебат ташқи сиёсатга асосий диққатни қаратиши режаланган эсада, икки номзод америкалик овоз берувчиларнинг хавотирига сабаб бўлаётган АҚШ иқтисодининг аҳволига бир неча бор тўхтатилишди.

Си-Би-Эс ўтказган сўровга биноан, сўралганларнинг 53 фоизи Обама ғолиб келгани, 23 фоизи эса Ромни ғалаба қозонганини айтишган.

Учта дебат ортда қолар экан, энди икки номзод қарорсиз штатларда икки ҳафта давомида сайлов тарғибот кампанияларини олиб борадилар.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар


BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.