BBC navigation

Ҳаж-2012: Мусулмон зиёратчилар Мино водийсига йўл олдилар

Сўнгги янгиланиш 24 октябр 2012 - 17:28 GMT

Саудия Арабистонининг мусулмонлар учун муқаддас маконларида айримлар умри давомида кутган беш кунлик зиёратини адо этишни бошлаган, чоршанба тонгидан икки миллиондан ортиқ мусулмон Мино водийсига пиёда ва нақлиёт воситаларида йўл олганлар.

Саудия расмийларига кўра, 1,7 миллион мусулмон бутун дунёдан бу йилги Ҳаж зиёратини адо этишга йиғилганлар.

Чоршанба кунидан мусулмон зиёратчилар Маккаи Мукаррама шаҳридан Мино водийси, Муздалиф ва Арофот муқаддас жойларидаги ҳаж амалларини адо этиш мақсадида йўлга тушганлар.

Арофот тоғига йўлда, Мино водийсида зиёратчилар тунда қолиш учун тўхтайдилар.

Бу ерда Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчилар учун чодирлар тикканлар, мусулмонлар бу ерда ибодат билан машҳул бўладилар, ором оладилар.

Бу тунни эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида чодирларда ўтказадилар.

Минодаги ибодатлар мусулмон тақвимидаги Зулҳижжа ойининг саккизинчи кунига тўғри келади.

Саудия Арабистони расмийлари муборак зиёрат мавсумида ҳар қандай кўнгилсиз ҳодиса олдини олиш чораларини кўрганларини айтадилар, муқаддас жойларда ана шу мақсадда 25700 ходим жойлаштирилган.

Мино водийсида фавқулодда ҳолатда ёрдамга тайёр 100 ходим навбатчилик қилаётгани хабар қилинган.

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Мансур ал-Туркийнинг сўзларига кўра, бу йил Ҳаж зиёратига борган зиёратчиларнинг 85 фоизи Минога йўл олганлар, қолганлар эса тўғридан-тўғри Арофот тоғи тарафга кетганлар.

Мамлакатнинг уч муқаддас жойларида ҳаракатланиш учун фақат 25 нафардан кам йўловчи олмайдиган транспорт воситаларига рухсат этилган.

Бу йил зиёратчиларни ташиш учун 18500 автобус жалб этилган.

Зиёратчилардан айримлари пиёда йўлга тушганлар, кимдир автобуслардаги жойлардан ўрин олганлар.

Мухбирларга кўра, кечикиб қолишидан чўчиган айрим мусулмонлар эса автомобилларнинг томларига ҳам чиқиб сафар қилиш қарорини олганлар.

Мамлакат расмийларига кўра, зиёратчиларнинг чорак қисми "Машайр Рейлвэй" темирйўл ширкати хизматидан фойдаланганлар.

Пайшанба, 25 октябр куни бу йилги Ҳаж ибодатларидаги муҳим кунлардан бири Арафа куни.

Шу куни Мино водийсининг жануби-шарқидаги Арофот тоғига чиқилади, зиёратчиларни кунни шу ерда ибодатда ўтказадилар.

Қуёш чиққанидан кейин зиёратчилар Мино ва Арофот ўртасидаги Муздалифа тоғига шайтонга отиш учун тош йиғиш учун йўл оладилар.

Жума куни Ийд ал-Адҳа ёки Қурбон Ҳайитининг биринчи кунида зиёратчилар жонлиқ қурбонлик келтирадилар.

Эркак зиёратчилар сочларини олдирганларидан кейин Маккаи Мукаррамадаги муқаддас Каъба тавоф қилинади.

Саудия подшоҳлиги бу йил Мино, Арофот ва Муздалифа атрофларидаги ривожлантириш лойиҳаларига 293 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфлаган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.