BBC navigation

Британ жиҳодчилари: Тўртинчи шер ва заҳарли вазелин

Сўнгги янгиланиш 26 октябр 2012 - 11:22 GMT

Қораловчига кўра, айбланувчилар заҳарли вазелин билан "мингга яқин" одамни ўлдиришни истаганлар.

Лондонда террорчилик мақсади билан тил бириктиришда айбланган асли покистонлик уч Британия фуқароси устидан маҳкама иши давом этмоқда.

Пайшанба куни Вулич маҳкамасида қораловчи Брайан Олтманнинг баён қилишича, айбланувчилардан бирининг аёли Салма Кабал ўзини ташлаб кетган эрини ортга қайтариш илинжида террор гуруҳга қўшилиш истагини билдирган.

У ўзини исломий фитначилар акс этадиган "Тўрт шер" номли кинокомедияга қиёслаб, ўзини "тўртинчи шер" сифатида гуруҳга таклиф қилган.

Унинг уч айбланувчи орасидаги эри Ашиқ Али буни рад этади. Салма Кабал маҳкамага тортилмаган, чунки эри унга ўз режалари борасида маълумот бермагани ишонилади.

Бирмингем шаҳри яшовчилари Ашиқ Али (27 ёш), Ирфан Холид (27 ёш) ва Ирфан Носир (31 ёш) террор амалини бажариш мақсадида тил бириктириш айбини рад қиладилар.

Қораловчининг судга мурожаатида айтилишича, учовлон 2005 йилнинг 7 июлида Лондонда юз берган ва 53 одамни нобуд қилган террор амалидан ҳам каттароқ ҳужумни тайёрлаётган бўлишган.

Айбланувчиларнинг икки нафари 2011 йил ёзида Покистондаги Толибон жамлоғида тайёргарликдан ўтгани ишонилади.

Тўртинчи шер

Ашиқ Али бирга яшамаётган рафиқасига Британиядан ташқарида амал қилувчи жиҳодчиларга қўшилиш истаги борлигини айтган.

У, шунингдек, Салмага ҳали ҳам уни севишини, бироқ "сен муқаддас жиҳод шароитларига ва бошқа давлатлардаги урушларга ўргана олмайсан" дея унга бу ишларга аралашмасликни айтган.

Бу суҳбат чоғида иши ўнгидан келмайдиган тўрт жиҳодчи акс этадиган "Тўрт шер" комик фильми тилга олинган.

Судда айтилишича, Ашиқ Али кулиб, хотинига: "Ҳа сен бизни тўрт шерга қиёслаяпсанми? Биз уч нафармиз, бир одам етмаяпти", - деб айтган.

Бунга Салма Кабал: "Мен тўртинчи бўлишим мумкин", - деб жавоб берган.

Бу суҳбат, қораловчига кўра, учовлон фитна уюштирган бўлгани ва ҳужумни хорижда эмас, балки Британияда амалга оширмоқчи бўлганларига ишора қилади.

Вазелин фитнаси

Қораловчи тарафига кўра, уч айбланувчи ўзаро турлича қотиллик усулларини муҳокама қилганлар. Хусусан, улар вазелинга аралаштирилган заҳарни машиналар эшикларига суркаб чиқиб, "мингга яқин одамни" ўлдиришни мўлжаллаганлар.

Судда айбланувчиларнинг автомобил эшиклари ушлагичларига заҳарли қоришма суркашни муҳокама қилган аудио ёзувлар эшиттирилган. Унда айбланувчилар "бутун бир туманда одамлар ишга кетаётганда буни қилсак, одамлар эшикни ушлагач, беш дақиқадан кейин ҳаммаси ўлади", деган гаплари бор.

Айбланувчилар барча айбларни рад этишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.