BBC navigation

Америка яқинлашаётган "Сэнди" тўфонига тайёрланмоқда

Сўнгги янгиланиш 29 октябр 2012 - 10:36 GMT

АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатнинг шарқий қирғоқларига яқинлашаётган "Сэнди" тўфони муносабати билан халқини жиддий хушёр бўлишга чақирган.

Кариб денгизи соҳилларида тўфон қурбонларининг сони аллақачон 60 кишига етган.

Американинг бир қанча штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган, мактаблар ёпилган, жамоат транспортининг ҳаракати тўхтатилган.

Вашингтондаги ҳайдовчилар яқинлашаётган тўфондан огоҳлантирилган.

Маълумотларга кўра, "Сэнди" қирғоққа яқин келганда, унинг кучи кескин ошишидан хавотирлар бор.

Шарқий қирғоқ ҳудудларида белгиланган сайловолди чиқишлари ўрнига Президент Обама одамларни ўзи ва оиласи хавфсизлигини ўйлашга чақирган.

Митт Ромни ҳам сайловчилар билан учрашувларини бекор қилган.

Air France, British Airways ва Virgin Atlantic каби халқаро авиаширкатлар душанба куни уммонорти парвозларини тўхтатган.

Нью-Йорк, Балтимор, Ньюарк, Вашингтон, Бостон, Филадельфия ва бошқа шаҳарларга рейслар бекор қилинган.

Ой тўлганда

Американинг тўфонларни ўрганиш Миллий марказига кўра, "Сэнди" тўфони Нью-Йорк шаҳридан тахминан 760 км масофада турибди.

Соатига 120 км тезликда ҳаракатланаётган тўфон қирғоқолди туманларда сув тошқинларини келтириб чиқариш хавфи мавжуд.

Шунингдек, тахминан Виржиния ва Янги Англия штатларидаги туманларга етганда "Сэнди"нинг тезлиги ортиши кутилмоқда.

Метеорологларнинг хавотирларича, тўлиной давомида "Сэнди" ғарбдан ҳаракатланиб келаётган бошқа тўфон билан қўшилиб хавфли тошқинлар пайдо бўлиш эҳтимоли бор.

Мутахассислар тўфоннинг кенглиги 835 кмгача етишини, Американинг бирданига 12 штатини қамраб олиш кучига эгалигидан огоҳ қилишмоқда.

Тўфон 24-36 соат давом этиши, ўзи билан олиб келувчи кучли жала, қор бўронлари туфайли электр энергияси узатилишига катта зарар етказиши мумкин.

Айни пайтда Мэриленд, Нью-Йорк, Пенсильвания, Виржиния, Вашингтон ва Шимолий Каролинада фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Сайлов кампаниясидаги ўзгаришлар

Яқинлашаётган тўфон Америка президентлигига иккала номзоднинг ҳам сайловолди кун тартибига таъсир қилган.

Республикачи Митт Ромни Виржиниядаги учрашувини, Барак Обама Виржиния ва Колорадо штатларидаги чиқишларини қолдирган.

Обама шунингдек, муҳим Огайо штатидаги учрашувини тўфон пайти Оқ Уйда бўлиб туриш учун бекор қилган.

Федерал агентликка қилган ташрифи пайтида жаноб Обама "Сэнди" оқибатларига ҳукуматнинг муносабати жиддий ва ўз вақтида бўлишини ваъда қилган.

Нью-Йорк

Американинг Миллий темир йўл ширкати мамлакатнинг шимолий-шарқига ҳаракатини тўхтатган. 7 мингга яқин авиарейслар бекор қилинган.

Нью-Йоркда якшанба куни кечки еттидан кейин метро, автобус ва поезд ҳаракати тўхтаган. Ҳамма мактаблар ёпилган.

Нью Йорк ҳокимига кўра, шаҳардан 375 минг одам кўчирилган.

Якшанба куни қайта таъмирланган Озодлик ҳайкали очилган, бироқ яна чоршанба кунгача ёпиқ деб эълон қилинган.

Душанба ва сешанба кунлари Нью-Йорк биржаси ишламаслиги билдирилган.

Бу каби хавфсизлик чоралари шарқий қирғоққа келган "Айрин" тўфони пайтида ҳам кўрилган.

"Айрин" туфайли бир қанча штатларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, давлатга 10 миллиард доллар атрофида зарар келтирган эди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.