BBC navigation

Бокс: ‘Тинчлик камари’ афғонистонлик боксчининг ўзига насиб этти

Сўнгги янгиланиш 31 октябр 2012 - 08:55 GMT

Афғонистонлик боксчи WBO таснифида қитъалараро чемпионлик мақомини қўлга киритди.

Афғонистон тарихидаги илк профессионал жангда WBU таснифида ўртача вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Ҳамид Раҳимийнинг ўзи ғолиб чиқди.

Сешанба кунги 12 раундлик жанг еттинчи раунд ўрталаридаёқ поёнига етти.

Ҳакам елкасидан олган жароҳати сабаб, танзаниялик боксчи Сайид Мбелванинг ортиқ жангни давом эттира олмаслигини эълон қилди.

Ҳакамнинг ушбу қарори ортидан “Тинчлик учун жангги”нинг ташаббускори бўлган Ҳамид Раҳимийнинг ўзи ғолиб, деб эълон қилинди.

Сўнгги ғалабаси билан афғонистонлик донгдор боксчи WBO таснифида қитъалараро чемпионлик мақомини қўлга киритди.

Жанг арафасида танзаниялик боксчи Сайид Мбелва афғонистонлик рақибини тўртинчи раунддаёқ нокаутга учратажагини ошкора баён қилганди.

Ҳамид Раҳимийнинг жамлоғи эса, унинг бу баёнотида қўрқмасликлари, жангнинг тақдирини учинчи раунддаёқ ўз фойдаларига ҳал қилишларини айтиб, жавоб беришганди.

Жанг

Пойтахт Кобулдаги Лоя Жирга жамлоғида уюштирилган жанг режаланганидан икки соатча кечикиб бошланган.

Аён бўлишича, бунга катта сондаги томошабинлар ҳар бирини алоҳида текширувдан ўтказишга тўғри келгани сабаб бўлган.

Баҳоси 60 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача бўлган чипталар эса, қўлда 700 АҚШ долларига чиқиб кетган.

Чипталар 60 АҚШ доллари бўлганида ҳам, бу – пойтахт Кобул аксарият аҳолисининг ярим ойлик иш ҳақларига тенг маблағ дегани.

Аммо, аён бўлишича, Афғонистондаги оғир иқтисодий шароитга қарамай, бу ҳам мухлисларни жангни томоша қилиш аҳдидан қайтара олмаган.

Хабарларга кўра, одамлар йиғиб қўйган пуллари ва айримлари, ҳатто, қўлларидаги iPhone ларини сотиб бўлса-да, жангга чипта олишга ҳаракат қилишган.

Айримлари эса, ҳаяжоннинг зўридан кун бўйи туз ҳам татмаганликларини айтишган.

Мингдан ортиқ ишқибозни ўзига жалб этган жанг ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтган, беллашувнинг тинч ўтишини таъминлаш учун юзлаб полиция кучлари сафарбар этилишган.

Афғонистон тарихидаги илк профессионал жангни бевосита томоша қилиш учун Лоя Жирга жамлоғига парламет аъзолари ва хорижий дипломатлар ҳам ташриф буюришган.

Томошабинлар орасида хотин-халаж ва болалар ҳам кўриниш беришган.

Пойтахт Кобул полиция бошлиғи эса, жамлоққа йиғилган барча мухлисларга махсусан мурожаат қилиб, уларни ҳар икки боксчига бирдек мухлислик қилишга даъват қилган.

Афғонистон Давлат телевидениеси ва “Хуршид” хусусий телеканали орқали тўғридан-тўғри олиб узатилгани боис, қолган миллионлаб афғонлар жангни уйларида ўтириб, томоша қилишга муваффақ бўлишган.

Афғонистон тарихидаги илк профессионал жанг халқаро миқёсда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлган, дунёнинг етакчи оммавий-ахборот воситалари эътиборига тушган.

Бу фақат бошланиши

Донгдор боксчиси профессионал рингдаги навбатдаги ғалабаси ортидан, “берган қуввати учун афғон халқи ва шу қадар хавфсизлик чораларини кўра олгани учун мамлакати ҳукуматига ўз миннатдорчилигини изҳор этган”.

Ҳамид Раҳимий қитъалараро чемпионлик камари Афғонистон ва афғон халқининг ҳаққи экани, пойтахт Кобулдаги жанг мамлакатида профессионал бокснинг дебочаси бўлажагини айтган.

Афғонистонлик боксчи икки йиллик саъй-ҳаракатлари ортидан, пойтахт Кобулда мамлакати тарихидаги илк профессионал жангни уюштиришга муваффақ бўлганди.

Миллати ҳазора бўлган Ҳамид Раҳимий нега бу каби ғайриодатий ташаббус билан чиққани сабабини “Афғонистон ўзгариш ва ёрдамга муҳтож” экани билан изоҳлаганди.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, унга қадар Афғонистон тарихида ҳали ҳеч бир боксчи профессионал боксда жаҳон чемпионлиги мақомини қўлга киритмаган.

Бугун Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳар икки боксчи билан ҳам учрашишни режалаган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.