BBC navigation

Президент Обама иккинчи муддатга сайланди

Сўнгги янгиланиш 7 ноябр 2012 - 09:06 GMT

"Мен ҳеч қачон бунчалар умидга тўлиб тошмаганман",- деди Барак Обама ғалабаси ортидан

Президент Барак Обама Республикачи рақиби Митт Ромнини мағлуб этиб, иккинчи муддатга сайланган.

Американинг илк қора танли президенти сайловчилар коллегиясининг пойгада ғолиб чиқиш учун зарур бўлган 270та овозини йиғишга муваффақ бўлган.

Чикагода ўз тарафдорлари қаршисида ғалаба нутқини қилган жаноб Обама Митт Ромни билан АҚШни янада ривожлантириш бўйича суҳбатлашишини айтди.

Жаноб Обама халқ орасидаги иқтисодий аҳволдан норозилик, ҳамда жаноб Ромнининг жиддий мухолифатига қарамай ғолиб чиқди.

Демократлар 2007 йилдан бери Сенатда эгаллаб келаётган аксар ўринларни ҳам сақлаб қолишган, Республикачилар эса Вакиллар палатаси устидан назорат қилишмоқда.

Би-би-сининг Чикагодаги мухбири Марк Марделга кўра, президент ўз рақибларини бирга ишлашга чақирмоқда.

Флоридадаги 29та сайлов округларининг овозлари ҳали ҳам ҳал қилинмай қолар экан, жаноб Обама 303тасини ютган, Ромни жаноблари эса - 206тасини.

Пойгани ҳал қилмасада, рамзий ва сиёсий жиҳатдан муҳим деб кўрилган шахсий овозлар бўйича икки номзод деярли тенг кетмоқда.

Жаноб Обама байрам кайфиятидаги тарафдорларини табриклади, ҳамда жаноб Ромни ва вице президентликка номзод Пол Раянни олиб борган курашлари учун олқишлади.

"Биз яна қайта оёққа турдик, ва чин юрагимиздан биламизки, Америка Қўшма Штатларини ҳали бунданда ёрқин кунлар кутмоқда", - деди жаноб Обама.

Президент Оқ Уйга янада қаттиқроқ ишлашга бел боғлаб қайтаётганини билдирди.

Жаноб Ромни мағлубиятни тан олар экан, Обама учун дуо қилишини айтди.

У ҳукуматнинг бюджет дефицитини камайтириш, солиқлар бўйича қонунларни созлаш ва миграцион тизимни ислоҳ қилиш йўлида Конгрессдаги Республикачилар билан бирга ишлашга ваъда берди.

"Биз ҳаммамиз бир америкалик оила фарзандларимиз", - деди жаноб Обама.

Бостонда нутқ сўзлаган жаноб Ромни президентни табриклади ва ўзи ва жаноб Раян бутун вужудлари билан курашганларини айтди.

Оқсаётган иқтисод ҳақида гапира туриб, жаноб Ромни ҳозир "сиёсий тортишувлар" вақти эмаслиги, ҳамда Республикачилар ва Демократлар "сиёсатдан кўра халқни" кўпроқ ўйлаши кераклигини айтди.

"Қанийди сизларнинг умидларингизни оқлаб, бу мамлакатга раҳбарлик қилсам, лекин халқимиз бошқа раҳбарни танлади, шундай экан мен ҳам сизларга қўшилиб, унинг учун ва бу буюк миллат учун дуо қиламан", - деди у.

АҚШ конституциясига биноан, ҳар бир штатга ўз аҳолисига пропорционал равишда овоз бериш ҳуқуқи берилади. 270та овозни йиға олган номзод президент этиб сайланади.

Сешанба куни, президент тарихдан Демократ бўлиб келган штатларни ўз томонида сақлаб қолди, ва Колорадо, Айова, Пенсилвания, Мичиган, Миннесота, Виржиния ва Висконсин каби қарорсиз штатларни ўзига оғдира олди. Ўта муҳим саналган Огайо штатидаги ғалабаси Барак Обаманинг иккинчи муддатини таъминлаб берди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.