BBC navigation

‘Кремль мусулмон гуруҳларига босимларини кучайтирмоқда’

Сўнгги янгиланиш 9 ноябр 2012 - 14:29 GMT

Бундай баёнот билан Москвада сўнгги пайтларда кузатилаётган оммавий ҳибсга олишлар ва тинтувлар манзарасида махсус матбуот анжумани уюштирган “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш маркази чиққан.

Ташкилот баёнотида айтилишича, шу йилнинг 7 ноябр куни “Ҳизб ут-Таҳрир” исломий ташкилоти билан боғлиқ жиноий иш доирасида Россия пойтахти ва Подмосковьеда ўнлаб кишилар қўлга олинишган.

“Ҳизб ут-Таҳрир” гуруҳининг фаолияти эса, Россияда расман тақиқланган.

Аён бўлишича, тонгги соат беш-олтиларда бошланган кенг кўламли амалиётга полиция кучларидан ташқари махсус бўлинма ходимлари ҳам жалб этилганлар.

“Мемориал” норасмий манбаларга таяниб, шу куннинг ўзида худди шунга ўхшаш амалиёт Бошқирдистонда ҳам ўтказилгани ва кейинроқ қўйиб юборилган эсалар-да, қирққа яқин киши ҳибсга олингани ҳақида маълум қилади.

Мамлакат Федерал Хавфсизлик Хизмати ходимларининг билдиришларича, катта миқдорда “экстремист руҳда”ги адабиёт ва видеоматериаллар ҳам мусодара этилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш марказига кўра, сўнгги ҳодисалар ва Челябинскда ўтган йил очилган “Ҳизб ут-Таҳрир” исломий гуруҳи билан боғлиқ жиноий иш юзасидан илгари сурилаётган айбловларнинг кескинлашувига махсус хизматларнинг экстремизмга қарши одатий амалиётлари деб қараб бўлмайди.

Ташкилотга кўра, буларнинг барчаси президент Путин маъмуриятининг мусулмон жамоаларига қарши ўз сиёсатини янада кучайтириш ниятларига далолат қилиши мумкин.

Фаолларга кўра, бу каби янгича ёндашув шу йил июл ойида Татаристонда Қозондаги террорчилик амалларига ҳеч бир алоқаси бўлмаган “ноанъанавий исломий оқимлар” юзлаб аъзоларининг ҳибсга олинишлари ва тинтув қилинишларида кўриниши мумкин.

Уларнинг айтишларича, вазиятнинг қанчалик ёмонлашганига шу йил ёз ойларида россиялик қатор мусулмонларнинг Украинага қочиб борганликлари ҳам далолат қилади.

Челябинск иши

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш марказининг баёнотидан аён бўлишича, беш айбланувчи аввалига “экстремистик ташкилот тузиш ва унинг фаолиятида иштирок этиш”да айбланган бўлишса, орадан йил ўтиб, унинг ёнига бошқа айбловлар ҳам қўшилган.

Улар энди “Ҳизб ут-Таҳрир” адабиётларини ўқиш ва унинг ғояларини тарғиб этишдан ташқари, "Россияда конституцион тузумни ағдариш ва ҳокимиятни куч билан эгаллаш амалларига ҳам ҳозирлик кўришган".

Орада кечган бир йил давомида очиқда юрган айбланувчиларни шу йил 31 июл куни ҳибс остига ўтказишга ҳам қарор қилинган.

Дастлабки айбловга мувофиқ, икки йилгача қамоқ жазоси, жарима ёки шартли қамоқ жазосига ҳукм этилишлари мумкин бўлган бешовлон энди 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Аммо айбланувчиларнинг ноқонуний фаолиятлари ёки зўравон амалларга ҳозирлик кўрганликларига оид бирор бир янги факт йўқ, дейди марказ.

Фаолларга кўра, айни ўринда сўз авваллари ўртача оғирликда деб кўрилган жиноятлар бугун Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати томонидан қотиллик, террорчилик ва қўпорувчиликка тенг амал сифатида кўрилмоқда.

“Мемориал” марказининг огоҳлантиришича, агар бу каби ёндашув амалиётга кириб келса, бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин.

Уларга кўра, ҳатто, тақиқлангани бўлган тақдирда ҳам, диний адабиётларни тарқатганлик учун узоқ йиллик қамоқ жазоларига юз тутиш хавфи буткул янгича вазиятни вужудга келтириши мумкин.

Агар бу каби муносабатлар яна давом этаверса, бу зўравонликларнинг оловланиши ва радикал исломий гуруҳлар мавқеининг кучайишига сабаб бўлади, дейди марказ.

Фаолларга кўра, ташкилотларни “экстремист” ва “террорчи”, деб тан олинишига оид Россия қонунчилигига мувофиқ жараён қайта кўриб чиқилиши лозим.

Уларнинг айтишларича, кучга киргандан сўнг “сиёсий маҳбус” атамасини мамлакат ижтимоий ҳаётининг ажралмас қисмига айлатирган экстремизмга қарши бутун қонунчилик тубдан ислоҳ этилишга муҳтож.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.