BBC navigation

Чорраҳада турган Хитой

Сўнгги янгиланиш 14 ноябр 2012 - 13:30 GMT

Бу ерда сиз билан суҳбатлашган ҳар бир олим, ҳар бир шарҳловчи, ҳар бир блоггер бир гапни айтади: "Хитой чорраҳада турибди".

Дўкону қаҳвахоналардаги оддий одамлар ҳам айни гапни такрорлайди; улар ҳам айни гапни шарҳловчи ва блоггерлардан эшитган бўлсалар, ажабмас.

Хўш, бу жумла амалда нимани англатади? Бу - ҳеч ким, ҳаттоки ўзини шарҳловчи деб атовчилар ҳам, нима юз беришини билмайди, дегани. Лекин барча бир нарсани аниқ билади - энди ҳеч нарса аввалгисидай бўлмайди.

Хуллас, Хитойда ҳокимият тепасига янги раҳбарлар келаяпти.

Янги раҳбарият ҳам ишни ўтган 20 йилда келиб кетган икки раҳбарият сингари бошлайди, аммо тез орада ўзига хос йўлни топиб олади.

Караоке ўйини

2002 йилда ҳукумат тепасига келган янги раҳбарият ҳам аввал бошда ҳеч нарса ўзгартирмагандай эди. Хитой Ғарб учун, умуман олганда, дўст сифатида кўриларди ўшанда.

Раҳбарликдан кетаётган икки арбоб - Президент Жанг Земин ва Бош вазир Жу Ронгжи - аввал бошда хотиржам ва муносабат қуриш осон бўлган шахслар сифатида эсда қолдилар.

Хорижга сафар қилишар экан улар ҳазил-ҳузилни қўйишмас, караоке учраб қолди дегунча, имкониятни бой бермасликка ҳаракат қилишарди.

Аммо, улардан кейин биз ўн йил давомида Хитойни қаттиққўллик ва жиддийлик билан идора қилган Ху Жинтао ва Вэн Жиабао раҳбарлигига гувоҳ бўлдик. Хитой иқтисоди ва қудрати беқиёс даражада ошди ва Ғарбда кўпчилик унга хавф сифатида қарай бошлади.

1990 йилда НАТО Белграддаги Хитой элчихонасини бомбалар экан сиртга Хитой миллатчилигининг қаҳрли шакли қалқиб чиқди. Ўшандан буён Ху Жинтао раҳбарияти бу кучни давомли руҳлантириб келади.

Аммо Ху-Вен йилларида фарқли, аммо бирдай аҳаммиятли куч нохостан бўй кўрсатада бошлади. Бу давр ичида Хитойда шахс эркинликлари тасаввур қилиб бўлмас даражада яхшиланди.

Натижада шаҳарларда яшаётган ёшларнинг кўпи учун бугунги Хитой оталари тасаввур қилган коммунист мамлакат эмас. Ёшлар учун коммунистик ғоялар на уларнинг ҳаётига ва на келажагига алоқадор.

"Бошқа бир дунё"

Биз худди шундай жараённи 1980-йилларда эски Совет Иттифоқи ва Шарқий Оврўпода кўргандик. Ўшанда Михаил Горбачевнинг "қайта қуриш" ва "ошкоралик" ғоялари ўз кучини кўрсата бошлаганди.

Бугунги Хитой 23 йил аввалги Россия, Можаристон, Полша ёки Чехословакия сингари эмас албатта, бироқ ўртада ялт этиб кўзга ташланадиган ўхшашликлар бор.

Мисол учун, бир пайтлар заводу фабрикалар қад кўтарган Пекиннинг 798 тумани бугун рассомлару санъат галлереялари марказига айланган.

Бу ерда коммунизмни эсга солувчи ягона нарса - Мао Зедунни масхара қилган турли сурату ҳайкалчалардир.

Худди шундай нарсалар 1980 йиллар охирида Москванинг Измайлова бозорида, Прага, Варшава ва Будапештда пайдо бўла бошлаганди. Фақат битта фарқ билан - у пайтлар Сталин махсара қилинарди.

798 тумандаги бугунги суҳбатлар ҳам Совет империяси қулашидан аввал Москва кўчаларида бўлиб ўтган суҳбатларни ёдга солади.

"Бу ҳукуматнинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ," - дейди башанг кийинган ёш йигит менга қаҳвасини ҳуплар экан. - "У мен учун бошқа бир дунё."

Ҳақиқатан ҳам, Коммунист Партия қурултойида саф тортиб ўтирган қора шим-костюмли, қизил галстукли депутатлар дунёси 798 туманда жам бўлган ғарбона рассомлар дунёсига мутлақо таалуқли эмасдай.

Ҳар иккала гуруҳ ҳам Хитой бизга таалуқли деб ўйлашса керак, аммо Пекин ташқарисида яшаётган яна бир миллиарддан кўпроқ одам иккала гуруҳга ҳам таалуқли бўлмаса шояд.

Тарихий ўзгариш

Хитойда ёши ўтиб бораётган партия фаоллари ва ёш интеллектуаллар ўртасидаги бўлиниш аввалига Шарқий Оврўпода ва сўнгра Россиянинг ўзида Марксизм-Ленинизмнинг йиқилишига етаклаган авлодлар бўлинишига ўхшайди.

Бу бизни яна "чорраҳалар" ғоясига етаклайди.

Янги президент Си Тзинпин Ғарбни ундан олдин ўтган раҳбарлардан анча яхшироқ билади. Унинг қизи ҳозирда Қўшма Штатларда таълим олмоқда, унинг ўзи ҳам бир муддат Америкада яшаган.

Тўғри, унинг якка ўзи ҳаракат қила олмайди: Сига партиянинг бошқа раҳбарларини бирга қадам ташлашга кўндириши лозим бўлади.

Лекин, Хитой иқтисоди касодга учради, деб тасаввур қилинг - унда янги раҳбарият ташқ дунёни айблаш уринишларига тўсқинлик қила олишадими?

Ёки Хитой ривожланишда давом этар ва Коммунист Партия тинчгина мамлакатни идора этаверар. Ким билади дейсиз?

Нима бўлганида ҳам, Хитой Коммунист Партиясининг бу галги қурултойи тарих йўналишини ўзгартириб юборадигандай тасаввурни уйғотмоқда. Бундай фикр менга охирги марта қачон келган бўлса?

1988 йил, Москва.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.