BBC navigation

Исроил Ғазода амалиётни "янада кучайтириш" билан таҳдид қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 ноябр 2012 - 12:54 GMT
Ғазо

Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 52 фаластинлик ҳалок бўлган. Улардан 11 нафари болалардир.

Исроил Ғазо бўлгасини беш кундан буён ҳаво ва денгиздан бомбалашда давом этмоқда.

Бўлгадаги икки медиа бино, жумладан Ҳамас телевидениеси ҳамда Британиянинг SKY ва ITN телевидениелари идоралари ҳадафга олинган.

Бир неча фаластинлик журналист яраланган.

Исроил армиясининг айтишича, ярим тундан буён Ғазодан саккизта ракета отилган, улардан учтаси Исроил ҳудудига тушган.

Исроил Ғазода ўз амалиётини "янада кенгайтириш"га тайёр, деб айтган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу.

"Аскарлар рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай амалиётга тайёр," - деб айтган жаноб Нетаняҳу Исроил ҳукуматининг якшанба кунги йиғилишида.

Исроил армиясининг Twitter орқали тарқатган хабарида айтилишича, ўтган тунда нишонга олинган бинолар "бир неча ой давомида олинган аниқ истиҳборот маълумотига асосан" аниқланган.

Фаластин расмийларига кўра, бир ҳаво ҳужумида бир оиладан икки чақалоқ ҳалок этилган.

Исроил армияси медиа биноларнинг Ҳамасга тегишли антенналарини ҳадафга олганини айтган.

Якшанба куни Исроилнинг тижорий маркази Тел-Авивда "тревога" сиреналари чалинган.

Полициянинг айтишича, ракеталардан ҳимоя қилиш тизими Ғазодан отилган икки ракетани ҳавода зарарсизлантирган.

Бироқ, Ғазодан отилган бир ракета бўлгадан 16 километр шимолда жойлашган Ашкелон шаҳрида турар-жой биносига бориб тушган.

Бино шикаст еган ва бир неча киши яраланган.

Ғазодаги Би-би-си мухбирларининг айтишларича, Исроил якшанба тонгида ҳам ҳаво ҳужумларини давом эттирган.

Ғазодаги шифокорларнинг маълум қилишларича, чоршанба куни бошланган Исроил ҳаво амалиётларида 11 болакай дохил камида 52 фаластинлик ҳалок этилган.

Пайшанба куни уч исроиллик ҳалок бўлган.

Якшанбага ўтар кечаси Исроил ҳарбий кемалари денгиздан туриб Ғазо бўлгасини бомбалай бошлаган.

Ғазо бўлгасидаги Би-би-си мухбири Жон Доннисон тонгги соат иккидан буён денгиздан ўндан зиёд ракета отилганини айтган.

Жаҳон Соғлиқ Ташкилотининг маълум қилишича, ярадорларга тўлиб кетган Ғазо бўлгасидаги шифохоналарда дори-дармонлар етмайди.

Исроил якшанба куни тиббиёт юклари ортилган бир неча юк автомобилининг Ғазога киришига рухсат берган.

Исроил бўлга атрофига заҳирадаги 75 минг аскарини жойлаштирган.

Исроил ҳукуматидаги бир вазирга иқтибосан хабар қилинишича, агар Ҳамас Исроил ҳудудига ракета отишни тўхтатмаса, Исроил армияси Ғазога якшанба куни бостириб кириши мумкин.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий Исроилни Ғазога қуруқликдан ҳужум қилишдан тийилишга чақирган.

"Агар қуруқликдан бостириб кирсалар... оқибатлари ёмон бўлади. Буни на биз ва на халқаро жамоатчилик қабул этади," - деб айтган Миср президенти.

Қоҳирада фавқулодда йиғин ўтказаётган Араб Лигаси келгуси кунлар ичида Ғазо бўлгасига ўз ҳайъатини йўллашини эълон қилган.

Шанба куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Олмония канцлери Ангела Меркел билан суҳбатлашган.

Олмония канцлери Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтган.

Исроил Армиясининг айтишича, амалиётлар бошлатилганидан буён 900 дан зиёд иншоот нишонга олинган, Ғазодан отилган 500 га яқин ракета Исроилга бориб тушган.

Можарони дипломатик йўллар билан ҳал этишга томонларни кўндириш мақсадидаги Франция Ташқи ишлар вазири Лаурент Фабиус Исроилга борган.

У икки томонни ҳам зудлик билан ўт отишни тўхтатишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.