BBC navigation

Қайта сайланганидан кейин Президент Обама илк хорижий сафарига чиқди

Сўнгги янгиланиш 18 ноябр 2012 - 15:52 GMT

АҚШ президентининг Бирмага сафари режаланган.

АҚШдаги президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейин Президент Барак Обама илк чет эл сафарини Жануби-Шарқий Осиёдан бошлаган.

18 ноябр куни Президент Обаманинг учоғи Таиланд пойтахти Бангкокка қўнган.

Бангкокда Президент Обама Исроилнинг Ғазога ҳужумларини қўллаб-қувватлаган.

Президент Обама Исроил амалиётларини ўз-ўзини муҳофаза қилиш деб атаган.

"Дунёдаги бирор бир мамлакат ўз фуқароларининг устига ёғаётган ракеталар ёмғирига чидаб турмайди. Биз Исроилнинг ўз-ўзини муҳофаза ҳуқуқини тўла қўллаб-қувватлаймиз", деб айтган Президент Барак Обама.

Таиландда жаноб Обама Бош вазир Йинглук Шинаватра ва дунёнинг бугунги кундаги энг узоқ қироллик қилаётган Таиланд қироли Бхумибол билан учрашувлари режаланган.

Ушбу сафар тарихий сафар деб аталмоқда, боиси Америка Қўшма Штатларининг президенти биринчи марта Бирмага ташриф буюрмоқда.

Бирмада Президент Обама мамлакат Президенти Тейн Сейн ва мухолифат лидери Аун Сан Су Чи билан учрашади.

Охирги йилда АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари сўнгги эллик йилдаги энг шафқатсиз режим деб таърифланган Бирмага нисбатан жорий этган жазо чораларини юмшатдилар.

Бу Бирма раҳбариятининг жамиятни демократлаштириш йўлида олиб бораётган ислоҳотларига жавобан қадам деб кўрилмоқда.

Аммо АҚШ президентининг Таиландга парвоз қилаётган учоғида журналистлар билан суҳбатлашган Оқ Уй расмийлари Бирмадаги ислоҳотлар аҳволидан АҚШнинг ҳамон хавотирлари мавжудлигини билдирганлар.

Бирмадаги охирги ойларда кучайган мусулмонлар билан буддойилар ўртасидаги қонли ҳодисалар бу хавотирларга сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.

Рахине штатидаги этник ва диний зиддият ҳамон ҳал этилганича йўқ.

Америкалик расмийларига кўра, улар Бирма Шимолий Кореядан ўзини узоқлаштиришини истайдилар ва Президент Обаманинг ташрифи чоғи бу борадаги Бирма ваъдасини қўлга киритиш истагидалар.

Тарқалган хабарларга кўра, 2010 йилда Бирма билан Шимолий Корея ўзаро ядровий технологияларни алмашганлар.

Айрим инсон ҳақлари ташкилотлари Президент Обаманинг Бирмани рағбатлантираётганини танқид қилмоқдалар, улар ҳали Бирма ўз ислоҳотларини якунига етказмаганини етказмаганини айтмоқдалар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Бирма раҳбарияти юзлаб сиёсий маҳбусларни озод этганига қарамасдан, яна 300 тача сиёсий маҳбусни тутқунликда тутиб турипти.

Бир ҳафта олдин мамлакатда амнистия эълон қилинган ва 450 тача маҳбус эркинликка чиққан.

Лекин бу маҳбуслар орасида бирорта ҳам сиёсийси бўлмаган.

Бирмадан кейин АҚШ президенти АСЕАН ташкилоти саммитида қатнашиш учун Камбоджага йўл олади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.