BBC navigation

Музокаралар манзарасида Исроил-Ғазо зиддияти давом этган

Сўнгги янгиланиш 21 ноябр 2012 - 10:04 GMT

Фаластинликлар чоршанба тонгида ташланган Исроил бомбаси ортидан етказилган шикастни текширмоқдалар

Тун оша Ғазо бўлгаси ва Исроил ўртасидаги зиддият давом этар экан, оташкесим келишувига тезроқ эришиш йўлидаги халқаро ҳаракатлар ошган.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Ғарбий Соҳилга сафар қилаяпти. У сўнг Исроил раҳбарияти билан музокаралар учун Қоҳирага учади.

Фаластиндаги манбалар оташкесимга сешанба куни эришилишини айтишганди, бироқ Исроил ҳеч қандай келишувга эришилмаганини билдирган.

Саккиз кун аввал зиддият аланга олганидан бери 136 нафар фаластинлик ва беш исроиллик ҳалок бўлган.

Биргина сешанбанинг ўзида камида 20 нафар фаластинлик ва икки исроиллик нобуд бўлган.

Клинтон хоним Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказиш учун Ғарбий Соҳилга келган. БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун ҳам оташкесимга эришиш илинжида минтақавий раҳбарларни бориб кўраяпти.

Қоҳирада Ғазони 2007 йилдан бери бошқариб келадиган Ҳамас жангари гуруҳининг расмийлари сешанба тунида келишувга эришилишини айтишганди, бироқ Исроил сўнгроқ келишув матнига рози бўлмаганини билдирган.

Исроил талаблари сирасига Ғазодан ҳеч қандай ўқ ё ракета отилмаслиги ва Ҳамаснинг қайта қуролланишини халқаро ҳаракатлар билан бартараф қилиш киради. Ҳамас эса Ғазо блокадаси бекор қилиниши ва фаластинликларнинг Исроил томонидан нишонма-нишон ўлдирилиши тўхтатилишини талаб қилаётирлар.

Ғазолик Иброҳим

"Ҳамма ярим оқшомда ярашув бўлишини кутишганди, лекин бундай бўлмади. Кеча туни билан Исроилнинг денгиздаги харбий кемалари ва дрон учоқларидан бутун Ғазо бомбардимон қилинди. Энг катта нишонлардан бири Ғазо шаҳрини Ғазо бўлгасининг бошқа қисмлари билан боғлаб турувчи кўприк бўлди. Бу жуда мухим кўприк. Исроилликлар Ғазо шахри узилиб қолишини исташаяпти. Уйда жуда қўрқиб ўтирибмиз, жуда чарчаганмиз, фарзандларим қаттиқ руҳий қийналган"

Чоршанба тонгида Би-би-сининг Ғазодаги мухбирлари кучли портлашларни эшитганлари, ва улар ортидан электр таъминоти узилганини хабар қилишди. Исроил ракеталари Ғазо шаҳри марказидаги Ҳамас ҳукуматининг бош қароргоҳини нишонга олган.

Исроил армияси тун оша Ғазода 100дан ошиқ "террор нуқталари"га ҳужум қилгани, улардан таҳминан элликтаси ерости ракета отиш ускуналари бўлганини хабар қилди.

Ғазодаги соғлиқни сақлаш вазирлиги тун оша 15 одам жароҳат олганларини билдирди.

Сешанба куни Исроил учоқлари Ғазонинг баъзи ҳудудларидаги яшовчилардан ўз хавфсизликлари учун ўз ҳудудларини тарк этишни сўраб варақаларни ёғдирган

Би-би-сининг Ғазодаги мухбири Жон Донисон чоршанба тонгида кўчалар бўм-бўш қолаётгани, одамлар Қоҳирадан ҳуш хабар кутиб, ўз уйларида қолишаётганларини хабар қилди.

Исроил Ғазодан Исроилга ўтган бир ҳафта ичида 800дан ошиқ ракеталар отилгани, улардан 162таси ўтган бир кун ичида отилганини айтди.

Кўплаб ракеталарни Исроилнинг "Темир гумбаз" аксил-ракета тизими сезиб қолган. Исроил матбуотига кўра, "Темир гумбаз" тун оша икки ракетани уриб туширган. Тонгда Исроил жанубидаги кўплаб аҳоли нуқталарида сиреналар янграб турган.

Қоҳирадаги Ҳамас расмийлари Исроилни оташкесим борасидаги таклифларни жавобсиз қолдиришда айблади.

Исроил воизи Марк Регев Би-би-сига: "Шубҳам йўқ, Ҳамас бироз нафасини ростлаб олиш учун вақтинчалик тинчлик бўлиши истайди. Улар учун ҳордиқ чиқариш ва яна қуролланиш учун вақт керак. Шундай экан, келаси ҳафта ё келаси ой улар ракета отишни қайта бошлайдилар. Биз бундан манфаатдор эмасмиз", - деб айтди.

Клинтон билан учрашувидан олдин гапирган Исроил Бош Вазири Бинямин Нетаняху Исроил дипломатик ечимни исташи, аммо зарур бўлган "ҳар қандай амал"ни бажаришга тайёр эканини айтган.

"Агар бу муаммонинг узоқ муддатли дипломатик ечими бўлса, биз буни афзал кўрамиз. Лекин, агар бўлмаса, умид қиламанки, Исроил ўз халқини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай амални бажаришга мажбур бўлишини тушунасиз", - деди жаноб Нетаняху.

Исроилнинг Ҳааретц газетаси хабар қилишича, ярашув таклифлари борасида Исроил ҳукуматида бўлинишлар юзага келган. Мудофаа вазири Эҳуд Барак Миср лойиҳасини қабул қилиш истагида, лекин жаноб Нетаняху ва Ташқи ишлар вазири Авигдор Либерман бунга қаршилар.

Би-би-си мухбири Жон Лайнга кўра, икка томон ҳам оддий оташкесимдан кўра кўпроқ нарсага эришишни истайдилар. Фаластинликлар Ғазо чегараларини қайта очилиб, блокада буткул тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Мухбиримизнинг айтишича, бу Ғазодаги тангликни сўндириб, Ҳамасга бўлган босимни юмшатиши мумкин.

Мухбирларга кўра, Исроил ҳужумлар тўхташини хоҳлайди, аммо унинг учун ундан ҳам муҳими Ҳамаснинг яна ракеталар билан қуролланишининг олдини олиш. Бунинг учун мисрликлар чегарани ёпишлари керак бўлади, аммо бундай қадам Миср халқи орасида норозилик уйғотиши мумкин. Ундан ташқари Миср ва Ғазо ўртасидаги чегарани назорат қилиш амалий жиҳатдан жуда қийин, чунки Миср армияси Синайдаги жангариларни жиловлай олмаяпти.

Исроил охирги ҳарбий кампаниясини бир ҳафта аввал Ҳамас ҳарбий раҳбари Аҳмад Жабарийни ўлдириш билан бошлади. Исроил ҳукуматига кўра, унинг ўлдирилиши ва сўнгги ҳарбий амалиётлар Ғазодан ракеталар отилишини тўхтатишга қаратилган.

Исроил Ғазо чегарасига ўз қўшинларини йиққан, бироқ музокаралар давом этар экан, қўшинларнинг Ғазога киритилишини тўхтатиб турибди.

Aзиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.