BBC navigation

Татаристон: Исломий халифалик ғояси тобора кенгаймоқда

Сўнгги янгиланиш 26 ноябр 2012 - 19:28 GMT

Татаристонда 20 мингдан ортиқ хавфсизлик идораси ходимлари Универсиада-2013 Бутунжаҳон талабалар ўйинида хавфсизликни таъминлашга жалб қилинади, деб хабар қилган Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Қозондаги йиғилишда.

Бундай чоралар охирги тўрт ой ичида рўй берган ҳодисалар манзарасида ортиқча кўринмайди. Июл ойида Татаристон муфтийсининг автомобили номаълум кишилар томонидан портлатилиб, унинг ўринбосари ўлдирилган эди. Октябр охирида Қозоннинг чекка туманларидан бирида махсус амалиёт ўтказилиб, террорчилик хуружида гумон қилинганлар ўлдирилган.

Шу билан бирга мутахассислар қайд қилишича, Татаристондаги тобора кўп масжидлар расмий диний ташкилот ҳисобланган - Республика мусулмонларнинг диний бошқармасидан ажралиб чиқишга интилмоқда. Бир гуруҳ имомлар диний доктрина билан келишмаса, бошқалари сиёсий сабаблар ҳам келтиришади.

Уларнинг фикрига кўра, ҳукумат мусулмонларга босим ўтказиб, улардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқда. Бунинг манзарасида исломий халифатни барпо этиш ғояси тобора қулоч отмоқда.

Диндорларнинг бир қисми унга етишнинг тинч йўлларидан фойдаланишни маъқулласа, баъзилари қуролли курашни ҳам истисно этишмайди.

Дин ва демократия

Совуқ ва керосин ҳиди - "Ал-Ихлос" масжидига дастлаб кирганда гуп этиб димоққа урилади. Имомнинг маърузалари дизел генератори гуриллашлари остида ўтади, чунки сентябрнинг бошиданоқ бу ерда электр ва иситиш воситалари ўчириб қўйилган.

"Албатта ўчириш учун қандайдир расмий сабаблар топишди. Лекин масаланинг асл илдизи - бизнинг Татаристон мусулмонларнинг диний бошқармаси билан фикримиз бир жойдан чиқмаганлиги туфайлидир",- деб изоҳ беради масжид имоми Рустам Сафин.

"Биз эса улар билан келишишни истамаймиз, чунки бу тизим мусулмонларга қарши курашмоқда", - дейди имом.

Июл ойида Татаристон муфтийсига суиқасдни у махсус хизматларнинг найранги деб билади. Бунинг орқасидан ўнлаб диндорларнинг қамоққа олиниши Рустам Сафинга кўра, "мусулмонларни йўқ қилиш"дан бошқа нарса эмас.

"Давлат ҳар доим бизга босим ўтказишга интилади. Биз айнан шу Исломга амал қилишимиз керак, бошқасига эмас ахир. Шу Қуръонни ўқишимиз лозим, бошқа нарсани эмас. Нима учун? Улар ким бўлибди, бизга нимани ўқиш керагу, нимани йўқлигини белгилаб берадиган. Бу ахир демократияга зид-ку!"- дейди Сафин.

"Ал-Ихлос" масжидига қатновчиларнинг кўпчилиги ўз имомларини қувватлайдилар. Улар нафақат ҳукуматнинг мусулмонларга муносабатидан, балки жамиятдаги динсизлик ва "адолатсизликнинг ҳукмронлиги"дан норози бўлиб гапиришади.

"Коммунизм ва капитализм ўзининг мукаммал эмаслигини исбот этиб бўлди. Мусулмонлар сифатида биз дунёда Ислом давлати - халифаликни барпо этишни энг мақбул йўл сифатида кўрамиз. Ислом қонунлари асосида яшаб адолатга етишиш мумкин",- ишонч билан тушунтиради менга Рафиз исмли йигит.

Масжиднинг обрўли намозхонларидан бири, мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган Тавфиқ Василовнинг айтишича, мусулмонлар ўз мақсадларига эришиш учун фақат тинч йўл билан ҳаракат қилишлари лозим. Фақатгина бир нарсада истисно бўлиши мумкин.

"Менга бир мусулмон сифатида Россия президентини ўқдан ҳимоя қилиш шараф бўлади. Лекин Россия президенти Исломга қарши курашса, мен биринчи бўлиб унга қарши чиқаман ва болаларим ва невараларимни ҳам унга қурол олиб қарши чиқишга даъват қиламан",- дейди Василов.

"Шунчаки эътиқод ҳақида гапирмоқ"

Хавфсизлик кучларининг ҳаракати ва "мусулмонларни қувғинга олиш"га қарши август ойида 200 га яқин киши кўчага чиқди. Бироқ Татаристон мусулмонларининг диний бошқармаси бу ҳаракатни қувватламади.

Озроқ вақтдан сўнг эса "Ал-Ихлос" масжидининг имоми Рустам Сафинга қарши жиноий иш қўзғатилди. Текширувчиларга кўра, у экстремистик ғояларни тарғиб қилмоқда. Имомнинг ўзи бу айбловларни асоссиз, дейди, уларни "ҳақиқий сиёсий айбловлар" деб атайди.

Давоми бор


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.