BBC navigation

Путиннинг бел оғриғи туфайли Япония бош вазири Москвага бормайди

Сўнгги янгиланиш 30 ноябр 2012 - 14:34 GMT

Россия Президентининг соғлиғи борасида аниқ маълумот берилмаётганлиги, бу тўғрида миш-мишларни урчитган.

Кейинги пайтларда Владимир Путиннинг бели жиддий оғриётгани ҳақидаги хабарлар турли интернет нашрларида бот-бот эълон қилиниб қолди.

Бу хабарлар энди пасая бошлаганда, Япония Бош вазири Ёсихико Нода Россия Президенти "ўзини яхши ҳис қилмаётганлиги" боис, Москвага сафарини бекор қилганини маълум қилди.

Жаноб Ноданинг хабари Путиннинг матбуот воизи Дмитрий Песковнинг мамлакат раҳбарининг соғлиғи борасидаги миш-мишларни рад қилиши ортидан билдирилган.

Япония бош вазири жума кунги матбуот анжуманида Россия томони декабрда мўлжалланган ташрифни Путиннинг соғлиғи туфайли ортга суришни сўраганини айтган.

Песков бу хабардан сўнг Япония делегациясининг аниқ ташриф куни белгиланмаганини маълум қилишига тўғри келади.

Унга кўра, Ёсихико Нода 2013 йил январида Россияга келиши кутилади.

Токиодаги Би-би-си мухбирининг айтишича, Ноданинг Москвага сафари амалга ошмаслиги аниқроқ. Чунки 16 декабрда Японияда ўтадиган парламент сайловларида Ёсихико Нода қайта сайланмаслиги мумкин.

Айни пайтда Россия президентининг "бел оғриғи" ҳақида Кремлдаги манбаларга таяниб хабар қилган мамлакат оммавий ахборот воситаларидан ташқари, Белоруссия Президенти Александр Лукашенко ҳам айтиб қўйди.

Унинг билдиришича, Владимир Путин дюздо машқларини бажариш пайтида белини жароҳатлаб олган.

Шундан сўнг Путиннинг матбуот котиби президент спорт билан одатдагидай шуғулланаётгани, бели ҳақидаги миш-мишлар унинг иш фаолиятига таъсир қилмаётганини айтади.

Песковнинг сўзларига биноан, "Путин ўзининг спорт билан шуғулланишини тарк қилмоқчи эмас, шунинг учун ҳар бир спортчи каби унинг ҳам гоҳида бели, гоҳида оёғи ёки қўли оғриши табиий. Бу унинг раҳбарлик фаолиятига ҳеч қачон таъсир қилмаган".

Тиғиз иш тартиби

Олдинроқ хабар қилинганидек, Путин жума куни Давлат Думаси депутатлари билан учрашса, душанба куни Туркияга сафари белгиланган.

Декабрда эса президентнинг Федерал мажлисга мурожаат қилиши, россияликларга янги йил табриги съёмкаси, шунингдек Кремл ва Ново Огареводаги учрашувлари белгиланган.

27 ноябрда Белоруссия раҳбари жаноб Лукашенко Рейтер агентлигига берган интервьюсида, Россия президентининг бели спорт машқлари пайтида жароҳатланганини гапириб ўтган.

Лукашенконинг айтишича, улар ҳозирча Путин билан хоккей ўйнай олишмайди. "У бизнинг гуруҳ билан ўйнашга ҳали тайёр эмаслигини айтди. Қаердадир кураш тушиб бели лат еган. Мен унинг муаммосини тушунаман. У курашни севади. Курашган, курашган, одамни елкаси оша кўтариб чалқанчасига отмоқчи бўлганда белига зарар етказган",- деган ўз интервьюсида жаноб Лукашенко.

Тўғридан тўғри мулоқот муаммоси

"Ведомости" рўзномаси президент турналар билан парвоздан сўнг, кейинги пайтларда Ново-Огарево қароргоҳини камдан-кам тарк этаётганини ёзади.

Путиннинг матбуот котиби бу борада изоҳ беришига тўғри келганди. У турналар Путиннинг соғлиғига ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани, шунчаки спорт машқларида оддий жароҳат олганини айтади.

Песков президентнинг тиғиз иш вақти доим ҳам Кремлда бўлишига йўл қўймаслигини билдирар экан, бу орада Путиннинг хориж сафарлари бирин-кетин бекор қилинади.

Президентнинг соғлиғи ҳақида навбатдаги миш-мишлар унинг ҳар йил охирида анъанага айланган россияликлар билан тўғридан-тўғри мулоқотлари ўтказилмаслиги маълум бўлгач, яна кучайган.

Тахминларга кўра, президент бел оғриғи туфайли тўрт соатлик телевизион мулоқотда толиқиб қолиши мумкин.

Президент сайтининг билдиришича, Владимир Путин 11 ёшдан бошлаб дюздо билан шуғулланиб келади. Бу борада жаноб Путин қора белбоғ соҳиби саналади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.