BBC navigation

Фаластин мухторияти БМТда ўз мақоми оширилишига эришган

Сўнгги янгиланиш 30 ноябр 2012 - 10:39 GMT

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида Исроил ва АҚШнинг қаршилигига қарамасдан Фаластин мухториятига кузатувчи давлат мақоми берилган.

Фаластин мухторияти мақоми учун 138 мамлакат овоз берган, 41 давлат вакиллари бетараф қолишган.

АҚШ, Исроил, Канада, Маршал ороллари, Микронезия, Науру, Палау, Панама ва Чехия давлат вакиллари қарши чиқишган.

Олдинроқ Президенти Маҳмуд Аббос Фаластиннинг мақоми учун овоз бериш " икки давлатни тузишни сақлаб қолиш" борасида охирги имкониятлигини таъкидлаган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху овоз беришни "мазмунсиз" деб атаб, Маҳмуд Аббосга қарата Нью Йоркда тинчликни хоҳлаган одамнинг сўзлари янграмади, деган.

БМТдаги Исроил элчиси Рон Прозор "Фаластиннинг мақомини ошириш тинчликка ёрдам бермайди, аксинча уни узоқлаштиради", деб ҳисоблайди.

АҚШ Давлат котиби Хиллари хоним эса овоз бериш маросимини "бахтсиз ва қарама-қарши мазмундаги" дея баҳолар экан, уинг фикрича, Фаластинга берилган мақом тинчлик йўлига ғов бўлиши мумкин.

Ўз навбатида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун резолюция келгусида жиддий музокаралар олиб борилишини кўрсатганини урғулайди.

Фаластинликлар қўлларида миллий байроқларни кўтариб байрам қилишган.

Фаластинликлар қувончи

Қарордан сўнг Фаластин давлати БМТ музокараларида қатнашиши, шунингдек, Халқаро жиноят маҳкамаси каби ташкилотларга кириш имконига эга бўлади.

Натижани сабрсизлик билан кутиб ўтирган юзлаб фаластинликлар Рамалла кўчаларида байрамни бошлаб юборишган, мушаклар отилган.

Фаластиннинг мақомини нишонлаётган одамлар миллий байроқни кўтариб олиб, "Аллоҳ буюк!" деб қичқиришган.

"Ва ниҳоят дунё бизнинг овозимизни эшитди, Фаластин давлати тан олинди", деб айтган намойишчилардан бири.

"Туғилганлик гувоҳномаси"

65 йил олдин БМТ Бош Ассамблеяси 181- резолюцияни қабул қилиб, тарихий Фаластин ерини иккига бўлган ва Исроил тузилганини эълон қилган эди",- дейди Маҳмуд Аббос Нью Йоркдаги овоз беришдан олдин сўзга чиқиб.

"Бош Ассамблея ниҳоят бугун Фаластин давлатининг туғилганлик гувоҳномасини тақдим қилади", деган у.

Ўз ўрнида Фаластинга бериладиган мақомга кескин қарши турган исроиллик сиёсатчилар Фаластин давлати икки томонлама музокаралар орқали барпо қилинишини иддао қилишган.

Исроилнинг БМТдаги элчисига кўра, "тинчликка БМТ орқали эмас, музокаралар орқали эришилади". "БМТнинг ҳеч бир қарори Исроил халқи ва Исроил ери ўртасидаги 4000 йиллик алоқаларни узиб ташлай олмайди", деб айтган жаноб Прозор.

АҚШ ва Исроил вакилларининг айтишича, 1993 йил Ослода Фаластин ҳукуматининг органлари таркиб этаётган чоғда эълон қилинган музокаралар жараёнини айланиб ўтиб, БМТ орқали масалани ҳал қилмоқчи.

БМТдаги овоз бериш жараёнида Фаластиннинг оддий кузатувчилик мақомини кузатувчи-давлат мақомигача ошириш ва унинг 1949-1967 йиллардаги чегараларини тан олиш масалалари кўриб чиқилиши айтилган.

Фаластинликлар ўз давлатларини Ғарбий Қирғоқ, Ғазо ва Ширқий Қуддусда тан олинишини исташади.

Кузатувчиларга кўра, Фаластиннинг ҳозирги мақоми рамзий маънодаги қадам ҳисоблансада, келгусидаги дипломатик муносабатларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Байрамдан сўнг

Рамалладаги тантаналар якшанба куни Маҳмуд Аббоснинг ғалабали қайтиши билан давом этади. Бироқ у ўзининг "қариийб давлат" бўлган ерига кириши учун аввал Исроилнинг чегара текширув масканидан ўтиши лозим, деб ёзади Франциянинг Ле Фигаро нашри.

"На ўз чегарасини, ёхуд ўз ҳаво кенгликларини назорат қила оладиган, электр энергияси таъминоти, савдо ва иқтисодда Исроилга қарам бўлган фаластинликлар тўлиқ мустақилликни қўлга киритишлари учун ҳали жуда узоқ йўлни босиб ўтишларига тўғри келади", деб келтиради Ле Фигаро.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.