BBC navigation

Исроилнинг Ғарбий Соҳилда жамлоқ қуриш қарори қаттиқ қораланмоқда

Сўнгги янгиланиш 5 декабр 2012 - 17:15 GMT

Исроил халқаро қонунларга хилоф равишда яҳудийлар жамлоқларини қурмоқда

Британия ва Франция Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Қуддусда 3 мингта янги уйни қуриш қарорини тасдиқлагани учун Исроил элчиларини чақиртирганлар.

Британия ҳукумати бу қарор Исроилнинг фаластинликлар билан тинчликка эришиш йўлидаги ҳаракатлари борасида шубҳа туғдиришини билдирган.

Исроил БМТ Фаластин мавқеини ошириш бўйича овоз берган кунида 3 мингта қўшимча уй қуриш қарорини тасдиқлаган.

БМТ бу уйлар қурилиши тинчлик жараёнига "ҳалокатли зарба" бўлишини айтган.

Швеция ҳам Исроил элчисини чақиртирган, Россия ва Олмония эса уйлар қурилишига қаршиликларини изҳор қилганлар.

Ўз баёнотида Британия Ташқи ишлар вазирлиги Исроил элчисини чақириб, агар уйлар қурилиши бошланса, Британия "қаттиқ муносабат" билдиришини маълум қилганини айтган.

"Биз Исроил ҳукуматининг Е1 ҳудудида уч мингта янги уй қуриш ва қурилишга йўл очиб бериш қарорини қоралаймиз. Бу икки давлатчилик ечимига рахна солади", - дейилади Лондон баёнотида.

Қуддус ва Ғарбий соҳилдаги Маала Адумин жамлоғи ўртасидаги Е1 ҳудудидаги қурилиш ишларидан фаластинликлар ўта норозилар. Уларнинг фикрида, бу ерда яҳудийлар учун уйлар қурилиши Фаластин давлати барпо этилиши режаларига тўсиқ бўлади.

Исроил, ўз навбатида, БМТнинг Фаластин мавқеини ошириш қарорини Исроил билан имзоланган аввалги келишувларнинг бузилиши дея таърифлаган.

"Биз Қуддус, ҳамда Исроилнинг стратегик манфаатлари бор бўлган бошқа ҳудудларда уйлар қуришда давом этамиз", - деди Бош Вазир Бенямин Нетаняху.

Жамлоқлар халқаро қонунларга биноан ноқонуний ҳисобланади, лекин Исроил бу қонунларни ҳисобга олмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.