BBC navigation

Алишер Усмонов яна халқаро қиличбозлик ташкилоти президенти этиб сайланди

Сўнгги янгиланиш 9 декабр 2012 - 17:45 GMT

Россиянинг энг бой кишиси, Англиянинг "Арсенал" футбол клуби ҳиссадори Алишер Усмонов иккинчи марта Халқаро Қиличбозлик федерацияси - FIE президенти этиб сайланган.

Федерация конгресси Москвада бўлиб ўтган.

Жаноб Усмонов қиличбозлик федерациясини яна тўрт йил бошқаради.

У илк бор Халқаро Қиличбозлик федерацияси президентлигига 2008 йилда сайланган эди.

Овоз беришда жаноб Усмонов федерацияни узоқ вақт бошқарган франциялик Рене Рок устидан ғалаба қозонган эди.

Жаноб Рок қиличбозлик федерациясининг фахрий президенти лавозимини эгаллаган.

Асли Ўзбекистоннинг Чуст шаҳрида туғилган Алишер Усмоновни Forbes журнали шу йил Россиянинг энг бой одами, деб топди.

У дунёдаги 28-энг бой киши деб кўрилади.

Бундан аввал ҳам жаноб Усмонов Forbesнинг йиллик рўйхатида Россиянинг бадавлат одамлари қаторидан жой олиб келган бўлса ҳам, 2012 йилда илк бор пешқадамликка чиқиб олган.

Forbes журнали миллиардернинг бойлигини 18,1 млрд АҚШ доллари дея баҳолаган.

Бироқ Bloomberg агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 20 миллиард АҚШ долларидан ортади.

Sunday Times нашрининг Британиядаги энг бой одамлар рўйхатида жаноб Усмонов россиялик бошқа бир миллиардер Роман Абрамович билан бирга бу йил юқори учликка киришга муваффақ бўлган.

Сўнгги йилларда жаноб Усмонов асосан тоғ-кон саноатидан катта фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига ҳам катта пул ташламоқда.

Алишер Усмонов шу йилнинг ўзида Facebook ижтимоий тармоғи орқасидан қарийб 1 миллиард фойда кўрган.

У Россиядаги учта йирик мобил алоқа ширкатидан бири бўлган "Мегафон"нинг назоратини ўз қўлига олган.

10 кунча олдин "Мегафон" Лондон ва Москва молия биржаларида улушларини савдога қўйди ва бир куннинг ўзида 1, 7 миллиард долларни қўлга киритди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.