BBC navigation

Шимолий Корея узоқ масофали ракетани учиришга муваффақ бўлган

Сўнгги янгиланиш 12 декабр 2012 - 16:47 GMT

Япония ракета ўз ҳудудини кесиб ўтганини айтди, бироқ уни уриб туширмади

Шимолий Корея халқаро огоҳлантиришларга қарамасдан, узоқ масофага учадиган ракета парвозини муваффақиятли амалга оширганини эълон қилган.

Давлат телевидениесининг хабар беришича, ракета маҳаллий вақт билан соат 9 дан 49 дақиқа ўтганда учирилган.

Шимолий Кореянинг давлат ахборот агентлиги хабар беришича, ракета режаланганидек, сунъий йўлдошни фазога олиб чиққан.

АҚШ ҳам ракета учирилганини тасдиқлаган.

Жанубий Корея, Япония ва АҚШ Шимолий Кореянинг узоқ масофага мўлжалланган ракетани яширин синовдан ўтказаётганини таъкидлаб, минтақага катта хавф сифатида қоралашган.

Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак хавфсизлик бўйича шошилинч йиғилиш чақирган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Шимолий Кореянинг бу ҳаракати БМТ резолюциясини очиқдан-очиқ бузиш, деб айтган.

Жанубий Корея ахборот агентлигига кўра, ракета парвози Шимолий Кореянинг ғарбидаги Сохё полигонидан туриб амалга оширилган.

Агентлик хабарига кўра, ракетанинг биринчи босқичи Сариқ денгизга, иккинчи бўлаклари Фириппин яқинидаги денгиз қирғоқларига, учинчиси Тинч уммонига қулаган.

Шимолий Корея ўзининг узоқ вақтдан буён кутилаётган ракета парвози Жанубий Кореядаги президентлик сайловларига бир ҳафта қолганда ва Шимолий Кореянинг собиқ раҳбари Ким Чен Ир вафотининг бир йиллигига тўғри келган.

Жанубий Корея ракетанинг ҳақиқатдан муваффақиятли учирилганини билиш учун вақт кераклигини айтган.

Шимолий Кореянинг ракета парвози бир томондан кутилмаган воқеа бўлган.

Расмий Пхеньян бир ҳафта олдин ракета парвозини "двигателдаги техник носозлик туфайли" 29 декабрга қолдирганини эълон қилган эди.

Шимолий Корея ҳукумати ракета ер орбитасига сунъий йўлдош олиб чиқиш учун зарурлигини таъкидлайди.

Оқ Уй расмийларига кўра эса Корея шу йўл билан АҚШнинг ғарбий қирғоқларига етиб борадиган ракетасини синовдан ўтказганини яширмоқда.

АҚШ ва Шимолий Кореяга қўшни давлатлар бир неча йилдан буён расмий Пхеньянни ракета учиришни бекор қилишга чақириб келади.

Корея чегараларига ўзининг ракетага қарши ҳимоя воситаларини жойлаштирган Япониянинг билдиришича, ракета Окинава устидан ўтган, бироқ уриб туширилмаган.

Олдинроқ Япония ўзининг ҳаво чегараларини бузиб ўтадиган ҳар қандай воситаларни уриб тушириш билан огоҳлантирган эди.

Шу билан бирга Япония ҳукумати вакили Шимолий Кореянинг ракета учиришига жим қараб турмаслигини билдиради.

Апрел ойида Шимолий Кореянинг "Инха-3" ракетасининг парвози муваффақиятсиз якунланган, ракета қолдиқлари Корея ярим ороли ғарбий қирғоқларига қулаб тушган эди.

Агар учирилган ракетанинг парвози омадли чиққани тасдиқланса, Шимолий Кореянинг бу соҳадаги дастлабки муваффақияти саналади.

Бундан олдин Шимолий Корея 2006 ва 2009 йилларда ҳам ракета синовларини амалга оширган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.