BBC navigation

Россия четга режадагидан кўпроқ қурол сотишга эришган

Сўнгги янгиланиш 17 декабр 2012 - 14:23 GMT

Президент Владимир Путин Россиянинг 2012 йилда четга қурол ва ҳарбий техника сотиш режаси мўлжалдагидан анча ошиб кетганини маълум қилади.

Жаноб Путинга кўра, Россиянинг ҳарбий экспортининг йиллик қиймати 14 миллиардни ташкил қилган.

"Рособоронэкспорт" маълумотларида айтилишича, ўтган йили хорижга экспорт қилинган қуроллар ҳажми бўйича Россия АҚШдан сўнг иккинчи ўринни эгаллаб, жами 13,2 миллиардлик қурол сотган.

Пентагон ҳарбий ҳамкорлик бошқармасининг маълумотларига қараганда, Американинг 2011 йилда четга чиқарган қуроллари 34,8 миллиард долларга тенгдир.

АҚШ ўзининг бу борада 2012 йилдаги ҳисоботини ҳали эълон қилмаган.

Кузатувчилар ўртадаги фарққа эътиборни қаратишган.

Уларга кўра, Россиянинг қуроллари ишончли, шу билан бирга арзонроқдир.

АҚШ, шунингдек Франция бу борада юқори технология талабларига эътиборни қаратгани айтилади.

Россия кейинги пайтларда ҳарбий техника таъминотида кўп бор ютқазганига, мамлакат ичидаги қийинчиликларга қарамасдан савдо кўламини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтаётган йилда биргина Ҳиндистон билан келишилган тўртта йирик буюртма ютқазилгани хабар қилинади.

Президент Путин келтирган рақамлар ҳақиқатдан Собиқ Иттифоқ давридан кейин янги рекорд дейиш мумкин, дейди Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази директори Руслан Пухов.

Бироқ унга кўра, қурол экспортига шунчаки зўр бермасдан, келгусидаги мақсадларни аниқ белгилаб олиш лозим.

Айни пайтда дунёнинг 88 мамлакати Россиянинг қурол ва ҳарбий техникаларини сотиб олишни маъқул кўрмоқда.

Бу борадаги энг йирик харидори Ҳиндистон ҳисобланади.

Россия ўзининг ҳарбий маҳсулотларини 20 дан ортиқ жаҳон кўргазмаларида намойиш қилиб келади.

Бундан ташқари ҳар йили ўнлаб халқаро форумлар, жумладан МАКС авиакосмик салони, Санкт-Петербургдаги ҳарбий-денгиз салони ва Нижний Тагилдаги ҳарбий кўргазмаларда қатнашади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.