BBC navigation

Покистон: оломон Қуръонни таҳқирлашда гумон қилинган шахсни тириклай ёққан

Сўнгги янгиланиш 22 декабр 2012 - 15:45 GMT

Ҳодиса Покистоннинг жанубидаги Даду шаҳрида рўй берган.

Маҳаллий полициянинг хабар беришича, гумон қилинган киши саёҳатчи бўлиб, масжидда тунни ўтказганидан сўнг, унинг ёнидан Қуръон китобининг ёндирилган варақлари топилган.

Бундан хабар топган қишлоқ эркаклари у кишини калтаклаб, сўнг полицияга топширишган.

Бироқ орадан ҳеч вақт ўтмай, 200 га яқин одам полиция бўлимига бостириб кириб, Қуръонни ёққан деб ишонилган кишини судраб ташқарига олиб чиқишган.

Ғазабланган оломон калтаги остида қолган киши сўнгра тириклайин ёқиб юборилади.

Ҳодиса жойида 30 киши ҳибсга олинган, деб хабар беради Ассошэйтед Пресс.

Даду шаҳар полиция бўлимининг бошлиғи дохил етти полициячи тартибсизликка йўл қўйгани учун вақтинчалик ишдан четлаштирилган.

Хабарларда айтилишича, ёндирилган киши мусулмон ва ақлан носоғлом бўлган. У илгари ҳам Қуръон варақларини ёққанлиги учун сўроқ қилинган.

Шаккоклик учун жазо

Покистон маҳкамаси сентябр ойида шаккокликда айбланган 14 ёшли қизни гаров эвазига озодликка чиқарган эди.

бу ўшанда Покистонда шаккокликда айбланган кишининг гаров эвазига биринчи марта озод қилиниши ҳисобланган.

полиция насроний динига мансуб қизни Қуръон саҳифаларини ёққанликда гумон билан ҳибсга олганди

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Исломобод чеккасида яшовчи Римша Масих сумкасида муқаддас Қуръон китобининг йиртилган саҳифалари бўлган.

Ғазабланган оломон эса шаккоклиги учун уни жазолашни талаб қилган.

Аммо бир гувоҳ маҳкамага "маҳаллий имом Холид Чиштийнинг қизалоқ сумкасига ёқилган Қуръон саҳифаларини қўяётганини кўрдим," деб айтганидан сўнг воқеа бошқача тус олган.

Полиция масжид имомини ҳибсга олган. Маълум вақтдан сўнг қизни озод қилишига тўғри келган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Покистон ҳукуматидан шаккоклик ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритишни талаб қилиб келишади.

Покистон қонунларига биноан Қуръонга шаккоклиги туфайли бир умрлик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Бироқ шаккокликда айбланганлар омма томонидан қатл қилиниши тез-тез содир бўлиб туради.

Покистон хавфсизликни тадқиқ қилиш институти маълумотларига кўра, 1990 йилдан буён мамлакатда 53 киши шу айб билан ўлдирилган.

Маҳкама жараёнларида айбланувчиларнинг ҳимоячилари ўзларига ҳам ҳужум бўлишидан қўрқиб далилларни қайтаришни хоҳлашмайди.

Баъзи ҳолларда одамлар Ислом ҳақида шунчаки ёзганлари ва гапирганлари ёки Исломни ҳақорат қилган филмга қарши чиқмаганлари учун ҳибсга олинишади.

Кейинги икки йилда дин ҳақидаги қонунларни ислоҳ қилишни таклиф қилган икки покистонлик мулозимлар отиб кетилган. Шаккокликда айбланганларнинг ҳимоячилари мамлакатдан қочишга мажбур бўлишган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.