BBC navigation

Ҳиндистон: жинсий зўрлаш қурбони жасади ёқилди

Сўнгги янгиланиш 30 декабр 2012 - 10:38 GMT

Сингапурдан олиб келинганидан кўп ўтмай Деҳли шаҳрида 23 ёшли жинсий зўрланган қиз билан видолашилган, Ҳиндулар диний талабига кўра, унинг жасади ёқилган.

Маросим эрта тонгда, хавфсизлик кучларининг қаттиқ қўриқлови остида ўтказилган.

Маҳаллий вақт билан тонгги соат 4.15 да Деҳли аэропортига Сингапурдан учиб келган учоқ қўнган.

Сингапур шифохонасига даволаш учун олиб борилган қиз жасадини олиб келиш учун Ҳиндистон ҳукумати махсус учоқ буюртма берган.

Деҳли аэропортида учоқни Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх ва қудратдаги Конгресс партияси раҳбари Сония Ганди кутиб олганлар.

Қиз жасади олтин рангли тобутга солинган, тобут ва унинг ота-онасига ҳамроҳлик қилган карвон аэропортдан қиз яшаган Деҳлининг Жанакпури туманига йўл олган.

Ҳиндистондан олинган хабарларга кўра, минглаб одамлар тунни кўчаларда ўтказганлар, Деҳли, Мумбай ва Калкутта шаҳарларида қиз хотирасига шамлар ёқилган.

Франс Пресс ахборот агентлиги хабар қилишича, тун жуда совуқ бўлганига қарамасдан, Деҳли марказида беш мингча одам тўпланган.

Исми-шарифи эълон қилинмаётган қизнинг 16 декабр тунида оммавий жинсий зўрланиши бутун Ҳиндистонни ғазабга келтирди.

Ушбу жиноятдан қаҳрланган одамлар намойишлар уюштиришди, жинсий зўрлаш айбдорларини ўлим жазосига ҳукм этишни талаб қилдилар.

Ҳукуматни мамлакатдаги аёлларга нисбатан зўравонликларнинг олдини ололмаётганликда айблаган намойишчилар полиция билан тўқнашдилар.

Полицияга кўра, олти киши ҳибсга олинган.

Уларга бошида жинсий зўрлаш ва тан жароҳати етказиш сингари айбловлар қўйилган.

Деҳлида шифокорлар учта жарроҳлик амалиёти ўтказганларидан кейин ҳам аҳволи яхшиланмаган қиз Сингапурдаги шифохонага юборилган, у ерда вафот этганидан кейин 6 гумондор бўйнига қотиллик айблови ҳам қўйилган.

Полицияга кўра, 23 ёшли тиббиёт талабаси йигит дўсти билан 16 декабр куни кинога бориш учун йўлга чиқадилар.

Улар Деҳли шаҳрининг жанубидаги Мунирка туманидан шаҳарнинг жануби-ғарбидаги Дварка туманига олиб борадиган автобусга минадилар.

Уларга олти ёш йигит ҳужум қилади.

Полицияга кўра, қизни қарийб бир соат мобайнида жинсий зўрлаганлар.

Сўнг қиз ва йигитни темир калтаклар билан калтаклайдилар.

Уларни ҳали йўлда ҳаракатланаётган автобусдан улоқтириб юборадилар.

Ҳиндистон ҳукумати бундай зўравонликларнинг олдини олиш чораларини кўришга ваъда бермоқда.

Полиция олти жинсий зўравон ўлим жазосига ҳукм этилишини айтмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.