BBC navigation

Покистонлик жангари Мулла Назир "дрон ҳужумида ўлган"

Сўнгги янгиланиш 3 январ 2013 - 08:54 GMT

АҚШ дрони нобуд қилган Мулла Назир Покистон армияси билан иттифоқда бўлган

Покистонда юқори даражали жангари раҳбар Мулла Назир АҚШ дрон ҳужумида ҳалок бўлган. Маҳаллий расмийлар шимоли-ғарбдаги Жанубий Вазиристон қабила ҳудудида отилган икки ракета Мулла Назир билан бирга яна камида беш жангарини нобуд қилганини билдиришди.

У Афғонистондаги Толибонни қўллаб-қувватлаш учун жангариларни юбориш, ҳамда хорижий ва ҳукуматпараст қўшинларга қарши курашишда айбланган.

Мулла Назир ноябрда юз берган ҳудкушлик ҳужумида жароҳат олганди. У Покистондаги Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбарияти билан чиқишмаган.

Чоршанба куни Жанубий Вазиристонннинг маркази ҳисобланмиш Вана шаҳрига яқин Ангур Адда қишлоғида Мулла Назирнинг уйи ёки машинаси нишонга олинган.

Хабарларга кўра, Мулла Назирнинг муовини Ратта Хон ҳам ҳужумда ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати душмани

Маҳаллий яшовчилар Мулла Назирнинг ўлими ҳақида масжид овоз кучайтиргичларидан эшитганлари ва дафн маросими пайшанба куни бўлиб ўтишини айтишган.

Мулла Назирнинг гуруҳи Покистоннинг нотинч шимоли-ғарбида амал қилувчи бир қатор жангари гуруҳлардан биридир. Ўтган бир неча йил ичида бу гуруҳлар орасида келишмовчиликлар юзага келган.

Таҳлилчиларга кўра, Мулла Назир ҳукумат билан иттифоқ тузиб, Покистондаги Толибонга қарши чиққан. У Покистондаги Толибоннинг Покистон аскарларини нишонга олишига қарши бўлган ва Афғонистондаги АҚШ қўшинларига ҳужумлар қилишни афзал кўрган.

Ноябрда унга қарши уюштирилган ҳужум ортидан, Мулла Назир рақиб Толибон раҳбари Ҳакимулла Маҳсуддан Ванадан чиқиб кетишни сўраган.

Хабарларга кўра, Мулла Назир Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангчиларининг душмани деб кўрилган. Покистон ҳукумати уни ўзбек ва бошқа хорижий жангариларни 2007 йилда Покистондан чиқариб юборгани учун олқишлаган.

Унинг ўлими, таҳлилчиларга кўра, Вашингтон ва Исломобод ўртасида фарқларни келтириб чиқариши мумкин, чунки Покистон ҳарбий қўмондонлари Мулла Назирга ўхшаган қўмондонларни маҳаллий тинчлик учун муҳим деб кўришади.

Дрон ҳужумлари Президент Барак Обама АҚШ ҳукумати тепасига келганидан бери ошган. Юзлаб одамлар нобуд бўлиши Покистонда оммавий ғазабга сабаб бўлган.

Дрон ҳужумлари қатор нуфузли ал-Қоида ва Толибон раҳбарлари, ҳамда қатор номаълум жангарилар ва оддий фуқароларнинг бошига етган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.