BBC navigation

Марҳум Мулла Назир ўрнини қаттиққўл Баҳовал Хон эгаллайди

Сўнгги янгиланиш 5 январ 2013 - 14:49 GMT

Покистондаги энг таниқли исёнчи қўмондонлардан бири бўлган Мулла Назир шу чоршанба куни америкаликларнинг дрон ҳужумида ҳалок бўлганди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ашаддий душмани ва Покистондаги энг таниқли исёнчи қўмондонлардан бири бўлган Мулла Назир шу чоршанба куни америкаликларнинг дрон ҳужумида ўлдирилганди.

Маълум бўлишича, гуруҳнинг янги тайин этилган раҳбари Баҳовал Хон Мулла Назирдан кўра ҳам жангари ва қаттиққўлдир.

Аммо икковлоннинг яқин ҳамкор бўлганликлари айтилади.

Мулла Назирнинг гуруҳи Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи Жанубий Вазиристон минтақасида фаолият юритиб келган.

Аммо гуруҳ Афғонистондаги Америка ва Нато кучларига қарши жанг олиб борган.

Хўш, Баҳовал Хон ким? Суҳбатдошимиз Покистондан журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзай:

ЖАВОБ: Баҳовал Хон Салоҳиддин Айюбий номи билан ҳам танилган қўмондон. У Жанубий Вазиристоннинг Вана шаҳри яқинидаги Спин қишлоғидан. 35 ёшда. Мулла Назир билан бир сафда Жанубий Вазиристон ва Афғонистонда жанг қилган. Аввалига Мулла Назирнинг ўрнини эгаллашдан бош тортган. Аммо қавмининг қистови остида бунга рози бўлган. Баҳовал Хон ҳам Мулла Назирга ўхшаб Аҳмадзай қавмидан. Аммо ўзининг қаттиққўллиги билан анчайин оғир-босиқ бўлган Мулла Назирдан фарқ қилади. Жуда анъанадор Толибон қўмондонларидан. Футбол, крикет, яъни спорт ва мусиқага буткул қарши. Ҳамма эркакларнинг саллада юришларини истайди.

САВОЛ: Сизнингча, янги раҳбарининг бу каби хислатлари марҳум Мулла Назир гуруҳининг янада кучайишига хизмат қилиши мумкинми ва ёки бунинг акси?

ЖАВОБ: Мен Баҳовал Хон бошчилиги остида гуруҳ фаолияти янада кучаяди, деб ўйламайман. Чунки бунгача гуруҳ таркибидаги кўпчилик юқори мартабали қўмондонлар ўлдирилган. Раҳбарлари Мулла Назирдан ташқари, унинг муовини ҳам ҳалок этилган. Гуруҳ жангариларини ҳам бой бермоқда. Худди шундай шароитда, агар қаттиққўллик қиламан деса, Баҳовал Хон ўз қавмининг дастагини йўқотиб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам тоқатли бўлиши лозим бўлади. Акс ҳолда турли муаммоларга тўқнаш келиши мумкин.

САВОЛ: Сиз Баҳовал Хон аввалбошда Мулла Назирнинг ўрнини эгаллашдан бош тортган, фақат қавмининг босими остида бунга рози бўлган дедингиз. Баҳовал Хон нега бундай қилган бўлиши мумкин?

ЖАВОБ: Маълум бўлишича, Баҳовал Хон Мулла Назирнинг ўрнига ўзидан кўра муносиброқ номзодлар бор, деган хаёлда шундай йўл тутган. Аммо кейин ўз қавми ва оқсоқолларининг истакларига қарши бора олмаган. Бундан ташқари, Мулла Назирнинг ўрнини эгаллаш ҳар қандай қўмондоннинг жони учун ҳам хатарли. Гуруҳ Америка ва Нато кучларига қарши жанг олиб боргани учун раҳбари осонлик билан америкаликларнинг нишонига айланиши хавфи бор.

САВОЛ: Нима деб ўйлайсиз, янги қўмондони бошчилиги остида марҳум Мулла Назирнинг гуруҳи ашаддий рақиби Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан муросага бориши мумкинми?

ЖАВОБ: Менимча, Баҳовал Хон ҳам Мулла Назир ва қавмининг изидан боради. Ҳозир гуруҳнинг Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан ҳам, Покистон Толибон ҳаракати билан ҳам алоқалари ёмон. Мулла Назирнинг ўлимидан сал аввал улар Маҳсуднинг одамларини минтақадан чиқариб юборишга ҳам муваффақ бўлишган. Мулла Назир ўзига қарши уюштирилган қатор ҳужумларда Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ва Покистон Толибон ҳаракатини айблаганди. Менимча, бундан кейин ҳам уларнинг муносабатлари яхшиланмаса керак. Баҳовал Хон, бунинг ўрнига, худди марҳум Мулла Назирга ўхшаб, Покистон ҳукумати ва қуролли кучлари билан алоқаларини кучайтиришга зўр беради, менимча.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.