BBC navigation

Деҳлида жинсий зўравонлар устидан маҳкама бошланди

Сўнгги янгиланиш 7 январ 2013 - 11:47 GMT

Бутун Ҳиндистонни ғазаблантирган тиббиёт талабасини жинсий зўрлаш ва қотилликда айбланаётган беш шахс устидан маҳкаманинг дастлабки тинглови пойтахт Деҳлида бошланган.

Би-би-сининг Деҳлидаги мухбири Эндрю Норснинг хабар қилишича, маҳкама биноси атрофида ўта қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.

Айбланувчилар маҳкамага мухбирлар ва телекамералардан яшириб олиб кирилган.

Маҳкама зали ҳуқуқшунослар, полиция ходимлари ва журналистлар билан тўлган, бироқ айбланувчилар олиб кирилмаган.

Залда йиғилганлар ўртасида тартибсизлик бошланиши ортидан Деҳлининг Сакет тумани маҳкамаси ҳаками жараённи қисқа вақтга тўхтатган.

Шундан кейин маҳкамани ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилинган.

Би-би-си мухбири хабар қилишича, Сакет тумани адвокатлар уюшмаси айбланувчиларни ҳимоя қилишдан бош тортган.

Уларни ҳимоя қилишга рози бўлган кўнгилли адвокатлар ҳам маҳкама залида йиғилган бўлганлар, уларни эса бошқа ҳуқуқшунослар қоралай кетишган.

Ҳуқуқшуносларга кўра, бу одамлар ҳимоя қилишга арзимайдилар.

Кейинроқ ҳакам Намрита Аггарвал маҳкама ишини давом эттириш имконсизга айлангани сабабли уни тўхтатишга мажбур бўлганини айтган.

Журналистларни маҳкама ичига қўймасликка қарор қилинган.

Айбланаётганларнинг исмлари эълон қилинган, улар Рам Сингх, уни иниси Мукеш, Раван Гупта, Винай Шарма ва Акшай Тхакур.

Хабар қилинишича, айбланаётганлардан икки нафари ўзларига белгиланадиган жазони енгиллатиш эвазига кўрсатма беришга рози бўлган.

Олти айбланувчининг ёши 17 да экани, унинг иши вояга етмаганларнинг ишини кўриб чиқадиган маҳкамада алоҳида кўриб чиқилади.

23 ёшли талаба ва унинг йигит дўсти Деҳли шаҳрининг жанубида тунда автобусда ҳужумга учраган эдилар.

Қиз кейинроқ Сингапурдаги шифохонада оламдан ўтди.

Унинг исми шарифи эълон қилинмаяпти.

Айрим рўзномаларда отаси қизининг исми-шарифи эълон қилинишига қарши эмаслиги ҳақида хабар тарқатганлар, бироқ отаси бу хабарларни рад этди.

Ўтган ҳафта Би-би-си Ҳинд хизмати билан суҳбатда отаси мамлакатда жинсий зўрлашга қарши қабул қилинадиган янги қонун қизининг номи билан аталишига қарши эмаслигини айтганди.

Айни пайтда Деҳли полициясининг тўрт нафар ходими яна бир жинсий зўрлаш ва қотиллик ҳодисаси туфайли ишларидан четлатилганлар.

5 январ куни 21 яшар аёлнинг жасади топилган, отасининг Би-би-сига айтишича, у оммавий жинсий зўрлаб ўлдирилган.

Ота қизининг йўқолгани ҳақида полицияга хабар бергани, бироқ полициячилар қизи бирор одам билан кетиб қолганини айтиб қидиришдан бош тортганларини айтган.

Ушбу ҳодиса бўйича икки киши ҳибсга олинган, унинчи гумондор қочиб кетгани хабар қилинган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.