BBC navigation

Париж маҳкамаси: 'Тўққиз айбланувчи ЎИҲни молиялаган'

Сўнгги янгиланиш 8 январ 2013 - 16:46 GMT

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари, асосан, Покистон ва Афғонистондаги Толибон қаторида фаолият юритишмоқда

Париждаги маҳкама бундан бир ой илгари бошланган бўлиб, айбланувчилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига кўмак беришга оид айбловларга юз тутишган.

Бироқ ҳимоячиларга кўра, судланувчилар фақат қурбон байрами муносабати билан сўйиладиган қўй олишга кўмак беришган.

Франция маҳкамаси энди 9 судланувчини жиҳодий ҳаракатга молиявий кўмак кўрсатишда айблади.

Хабарларга кўра, гуруҳ етакчиси, деб билинган 53 ҳолландиялик турк Ирфон Темиртош 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. У шунингдек, 20 минг евро жарима тўлаб, жазо муддати тугагач, Франциядан чиқариб юборилади.

Умуман, барча судланувчилар туркий халқлар вакиллари, дейилмоқда. Аммо исмлари ошкор қилинмаган ва айнан қайси мамлакат фуқаролари экани аниқ эмас.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ал-Қоидага боғлиқ террорчи гуруҳ сифатида кўради.

Парижда маҳкамага тортилган шахслар эса Олмония, Ҳолландия ва Франция полициялари ҳамкорлиги натижасида қўлга олинган эдилар.

Бироқ мазкур шахсларнинг айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоси ва ёки тарафдори бўлганликларини савол остига олаётганлар ҳам бор.

"Буларнинг аксариси турклар экани назарга олинса, улар балки Исломий Жиҳод Иттифоқининг Моварауннаҳр бўлими аъзолари бўлиши мумкин" - дейди Париждан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Исломий Жиҳод Иттифоқида араб ва турк бўлимлари қаторида ўзбекларни намоён этувчи Моварауннҳар бўлими мавжуд.

"Лекин Исломий Жиҳод Иттифоқи Моварауннаҳр бўлимида ўзбеклар кам, аксинча, у ерда турк, араб ва паштунлар кўпроқ" - давом этади Камолиддин Раббимов - "Шу боис ҳам улар ўзаро араб, турк ва рус тилларини қўллашади".

Покистоннинг озод қавмлар ҳудудларида яширинган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари сўнгги йиллар Покистон кучлари тарафидан қаттиқ ҳужумга тутилдилар.

Шимолий Вазиристондаги АҚШ дрон ҳужумида бугун сешанба куни ҳам икки нафар Ўзбек жангариси ўлдирилган. Айримлари эса Афғонистон шимолидаги ўзбеклар зич яшовчи минтақаларга ўтишгани айтилади.

Таҳлилчилар ҳаракат раҳбарлари ўлдирилиб, жангарилар анча заифлашиб қолганини таъкидлашади.

Лекин айрим кузатувчиларга кўра, ушбу ҳаракат ҳамон Марказий Осиё, Қофқоз ва Россиядан ўз сафига янги аъзоларни олишга ҳаракат қилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.