BBC navigation

'Қуръон'ни ёд ололмаган ўғлини ўлдирган она бир умрга қамалди

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2013 - 09:46 GMT

Ҳакамнинг хулоса қилишича, 33 ёшли Сара ўғли Ёсинни шафқатсизларча дўппослаб келган. Ўлиб қолганида эса, танасига ўт ҳам қўйган

"Қуръони Карим" сураларини ёд ололмаган 7 яшар боласини уриб ўлдирган Сара Эйж умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. Унинг камида 17 йил қамоқ жазосини ўташи кутилмоқда.

Ҳодиса 2010 йилнинг июл ойида Уэльснинг Кардифф шаҳрида юз берган.

Ҳакамнинг хулоса қилишича, 33 ёшли Сара ўғли Ёсинни шафқатсизларча дўппослаб келган. Ўлиб қолганида эса, танасига ўт ҳам қўйган.

Сара Эйж беш ҳафта давом этган маҳкама жараёни ортидан ҳукм этилган.

Кардифф маҳкамаси ҳаками якуний хулосасини эълон қиларкан, Сара ҳушидан кетиб қолган.

У қўриқчилар кўмагида маҳкама залидан олиб чиқиб кетилган.

Сара Эйж яна адолатни қарор топтиришга тўсқинлик қилишда ҳам айбдор, деб топилган ва ушбу жинояти учун қўшимча тўрт йилга маҳкум этилган.

Ўғлини ҳимоя эта олмасликда айбланган отаси Юсуф Эйж ҳакамлар томонидан оқланган.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган рафиқаси эса, ўз айбига иқрор бўлмаган ва Ёсиннинг ўлимида эрини айблаган.

'Давомий шафқатсизлик'

Маҳкама тафсилотларидан аён бўлишича, ҳаётдан кўз юмган куни "Қуръон"ни ўргансин, деб онаси Ёсинни мактабга юбормайди.

"Қуръон" сураларини ёд олаётган Ёсин ўша куни диққатсизлик қилади ва бу унинг дўппосланишига сабаб бўлади.

"Сиз ўз ўғлингизни ўлдирдингиз. Қотиллик пайтида ёши ва жисмонан заиф экани сабаб, Ёсин ҳеч нарса қилолмаган", деб айтган ҳакам Вин Вильямс.

Якуний маҳкама жараёни ортидан, юз берган ҳодиса юзасидан жиддий ҳисобот ҳам эълон қилинган.

Ҳисоботда Ёсиннинг воқеасидан сабоқ чиқарилиши лозимлиги, аммо унинг ўлимини олдиндан башорат қилиб бўлмагани айтилган.

Ҳакамнинг сўзларидан аён бўлишича, онаси "Қуръон" сураларини тез ёдлай олмагани учун Ёсинни уч ой давомида дўппослаб келган.

Бебошлик

Дастлаб Ёсиннинг ёқиб юборилган пайтда ўлгани тахмин этилганди.

Аммо текширувлар танасига ўт қўйилишидан аввал унинг тирик бўлганини кўрсатган.

Қарама-қарши иддаолари ортидан, Сара ўзи қўл урган қотилликка иқрор бўлган, аммо кейин ундан қайтиб қолган.

Унинг даъво қилишича, эри ва оиласи қотилликка иқрор бўлишга мажбур қилишган. Саранинг иддаосига кўра, ўғлини турмуш ўртоғи ўлдирган.

Она ўз фарзандини ҳеч бир асоссиз калтаклаганига ҳам иқрор бўлган ва бунга ғазаби тошиб кетиши сабаб бўлганини айтган.

Ота-онаси қори бўлишини истаб, Ёсинни маҳаллий масжидлардан бирида ҳам ўқитишган.

Онасининг ўзи эса, исломий билимдонлик ва "Қуръон"ни қироат этиш бўйича беллашувларда иштирок этиб келган.

Унинг маҳкамада айтишича, ўғлининг иқтидорсизлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлган.

Ҳакамларнинг хулоса қилишларича, дўппослашлар натижасида Ёсиннинг ички аъзоларига зиён етган ва бу унинг ўлимига сабаб бўлган.

Унинг танасида аввалги калтаклашлардан қолган жароҳат асоратлари ҳам аниқланган.

Прокурорларга кўра, онаси тиббий ёрдамга қанчалар муҳтож эканини била туриб, фарзандини шифокорларга кўрсатмаган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.