BBC navigation

Покистонда уч кун мотам эълон қилинди

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2013 - 14:29 GMT

Покистоннинг Балучистон вилоятида юз берган қўшалоқ портлашда камида саксон одам ҳалок бўлиши ортидан мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинган.

Биринчи портлаш билярд клубида худкуш хужумчи ўзини портлатиши билан юз берган, бир неча дақиқа ўтиб қутқарувчилар ва журналистлар йиғилганда эса машина портлаб, яна бир неча одамни ўлдирган.

"Лашкари Жангвий" жангари гуруҳи портлашлар учун масъулиятни ўз бўйнига олган. Қурбонларнинг аксари шиа мусулмонларидир.

Мавжуд нотинчлик ва зўравонликларга қарамай, Кветта шаҳри яқин орада бу каби хунрезликка гувоҳ бўлмаганди.

Кўпчилик қурбонлар иккинчи портлашда ҳалок бўлганлар. Шоҳидлар ҳужумни тасвирлашга қийналадилар.

"Бу - ваҳшийлик. Бундан ортиқ ҳам ваҳшийлик бўларканми? Мусулмон бошқа бир мусулмонни ҳам бомба ҳужумига тутадими, ахир? Нима, биз исроилликмизми, шундайин ҳужумга тутишса? - дея ҳайрат ва ғазабини изҳор этади бир шоҳид.

Кўпчилик буни мазҳабий ҳужум деб атамоқда. Чунки қурбонларнинг кўпчилиги шиа мусулмонлари.

Сунний "Лашкари Жангвий" жангари гуруҳи аллақачон масъулиятни ўз зиммасига олди.

Бундан бироз олдин Кветтанинг бозор жойидаги портлашда ҳам ўн нафардан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Маҳаллий одамлар ё Покистон ҳукумати сунний жангариларни зимдан қўллайди ва ё уларни жиловлашга қодир эмас, дея ғазабда.

"Қуролли кучлар раҳбари генерали Ашфақ Каёний бутун мамлакатдаги ҳарбийларини йиғиб келсин-да, бундайин тузум ва ҳукуматга чек қўйсин. Бизга бунақа ҳукумат керак эмас. Шунча одам умри ва оиласи завол бўлишига йўл қўйиб берадиган тузумни нима қиламсиз? - дейди кветталлик Гул Хон.

Балучистонда ҳам балуч бўлгинчи исёнкорлари зўравонликларга қўл уришади. Ҳам сунний ва шиалар орасида мазҳабий низолар рўй бериб туради.

Аммо кейинги йиллари, хусусан, ҳазора шиаларига қарши ҳужумлари кўпайган.

Покистон расмийлари Кветтадаги ҳужумни чоршанба куни бир сунний олимининг ўлдирилиши ва "Лашкари Жангвий"га тегишли ўқ-дориларнинг ўғирланишига боғлашмоқда.

Кейинги пайтлари Покистонда умумий маънода зўравонликлар кучаймоқда.

Улар баъзан мазҳабий, баъзан бўлгинчи табиатга эга.

Айрим ҳолларда бу ҳужумлар хорижийлар, шифокор ё расмийлар, ҳаттоки, кўчадаги оддий одамларни ҳам нишонга олади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.