BBC navigation

Ҳусни Муборак устидан яна янги маҳкама бўлади

Сўнгги янгиланиш 13 январ 2013 - 10:50 GMT

Ҳусни Муборакнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида кўп марта хабар қилинди.

Норози намойишчилар ўлимида айбдор деб топилиб умрбод қамоқ жазоси ҳукми чиқарилганига қарши шикоят қилган Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак аризасини кўриб чиққан маҳкама ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор олган.

84 ёшли Ҳусни Муборак 2011 йил бошида келиб чиққан пойтахт Қоҳира ва бошқа шаҳарлардаги оммавий кўча намойишлари ортидан қудратдан ағдарилган ҳамда 2012 йилнинг июн ойида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

"Маҳкама айбланувчиларнинг аппеляция шикоятларини қабул қилди ва қайта маҳкама ўтказишга қарор қилди", дея эълон қилган ҳакам Аҳмад Али Абдул Раҳмон.

Ҳусни Муборакнинг адвокати Муҳаммад Абдул Розиқнинг Reuters ахборот агентлигига айтишича, қайта маҳкама ҳам олдинги маҳкамадаги кўрсатмаларга таянади.

"Ишга бирор бир янги далил қўшилмайди", деб айтган ҳимоячи.

Муҳаммад Абдул Розиқ сўзларига кўра, янги ҳакамлар ҳайъати ўз қарорида жаноб Муборакнинг саломатлигини ҳам инобатга олади.

Ҳусни Муборак ҳибсга олинганидан буён унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги бир неча марта хабарлар тарқалган.

Ҳозирги пайтда жаноб Муборак ҳарбий госпиталда сақланмоқда, ўтган декабр ойида у ҳаммомда йиқилиб жароҳат олгани хабар қилинган эди.

"Биз сизни яхши кўрамиз, президент!"

Янги маҳкама қарори қандай бўлишини билиш мақсадида у ерга ўнлаб Ҳусни Муборак тарафдорлари тўпланганлар.

"Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар қилишича, қарор эълон қилинганидан кейин залдаги жаноб Муборак суратларини қўлида тутган тарафдорлари "Яшасин адолат" дея ҳайқирганлар, бино ташқарисида эса ўнлаб кишилар "Биз сизни яхши кўрамиз, президент!", деб бақиришган.

Ўтган йили 2 июнида 10 ой давом этган маҳкама ниҳоясига етган, собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг собиқ ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий намойишчиларни ўлдиришда айбдор деб топилган эди.

850 намойишчи ўлими учун икки раҳбарга ўлим жазоси тайинланиши ҳам мумкин эди.

Ҳалок бўлган намойишчиларнинг яқинлари жаноб Муборакка чиқарилган ҳукмдан ҳафсалалари пир бўлганини айтишган.

Уларга кўра, жаноб Муборак бўйнига намойишчиларни ўлдиришга буйруқ бериш айблови қўйилмоғи лозим эди.

Шунингдек, кўп одамлар Ҳусни Муборакнинг қарийб 30 йиллик бошқаруви даврида содир этган бошқа жиноятлари учун жавобгарликка тортилмаганидан норози бўлганларини айтишган.

Ўтган йилги маҳкама жаноб Муборакни коррупция ҳолатларида ҳам айбдор деб топган.

Янги қарор бўйича қайта маҳкама ҳам Ҳусни Муборак ва ҳам Ҳабиб ал-Адлий ишларини қайта кўриб чиқади.

Икки шахс ишлари бўйича алоҳида-алоҳида терговлар ўтказилиши кўзда тутилган, бу пайтда улар ҳибсда қолаверадилар.

Ҳусни Муборак ҳукмронлиги йилларида "Мусулмон биродарлар" партияси аъзолари таъқиб-тазйиқларга тутилган, инқилобдан кейинги сайловларда исломий сиёсатчилар Мисрда кўп дастакка эга бўлдилар.

"Мусулмон Биродарлар" илгари сурган Муҳаммад Мурсий Мисрнинг янги президенти этиб сайланди.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.