BBC navigation

Франция кучлари Малидаги исломий жангариларни нишонга олмоқда

Сўнгги янгиланиш 14 январ 2013 - 13:26 GMT

Франция Малида ҳарбий амалиётларини бир неча ҳафтада тугатишга умид қилмоқда.

Франциянинг ҳарбий қирувчи учоқлари Малидаги исломий жангариларни тўртинчи кундирки бомбалашда давом этган, Гао шаҳридаги жангарилар базасига ҳужумда 60 қуролли ўлдирилгани хабар қилинган.

14 январ куни Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан айтишича, исломчилар Мали марказидаги Диябали шаҳрини Мали ҳукумати кучларидан тортиб олишга муваффақ бўлганлар.

Бироқ Франция ҳаво ҳужумлари натижасида Малининг стратегик шарқий қисмларидаги ҳудудларни назоратида ушлаб турган жангарилар чекинишга мажбур бўлганлар, демоқдалар француз расмийлари.

Исломий гуруҳлардан бири раҳбари Франциянинг юрагига ҳужум қилажагини айтган.

Малида уч асосий исломий қуролли гуруҳи фаолият юритаётгани айтилади.

Улар - "Ансоруддин", "Исломий Мағриб мамлакатларидаги "Ал-Қоида" ва "Ғарбий Африкада бирлашиш ва жиҳод ҳаракати".

Душанба куни Франция ташқи ишлар вазирлиги Малидаги ҳарбий амалиётлари бир неча ҳафталик амалиётлар бўлиши ҳақида айтиб чиқди.

Бироқ Би-би-сининг Мудофаа ва дипломатик масалалар бўйича мухбири Жонатан Маркус ёзишича, французлар исломий жангарилар қудратидан аллақачон ҳайратга тушишган.

"Франциянинг Малидаги ҳарбий босқини аллақачон кўзланган мақсадга етишди. Мақсад исломий исёнчиларнинг янада кўпроқ ҳудудга кенгайишлари олдини олиш эди. Ҳозирги пайтда Франция ҳарбий кучлари мамлакат шимолидаги жангарилар базаларини нишонга олмоқда, имкони борича кўп сондаги жангариларни йўқ қилиш ва тарқатиб юбориш кўзланаяпти. Француз манбалари аллақачон исёнчиларнинг жанг қила олиш қобилияти ва қурол-яроғ билан таъминланганликларидан ҳайронликлари ҳақида сўзламоқдалар", деб ёзади Би-би-си мухбири.

Мали исломчилари қўлларидаги қурол-яроғнинг аксарини улар Ливиянинг собиқ раҳбари полковник Муаммар Қаддофийни дастаклаган пайтларида қўлга киритганлар ва кейин Малига олиб кетганлар, деб ишонилади.

Франция Мудофаа вазири сўзларига кўра, ҳозир "Франция терроризмга қарши уруш ҳолатидадир".

Франция Ғарбий Африканинг Буркина Фасо, Нигер ва Нигерия мамлакатлари ҳарбий кучлари Малига келишларини, шунингдек, Мали ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказиб, уларнинг мамлакатдаги исломий жангариларга қарши ўзлари урушишга қодир бўлишларини истайди.

Бу йўналишда Мали ҳукуматига Франциянинг ёрдами зарур бўлади.

Францияга Британия дастак сифатида икки ҳарбий транспорт учоғи билан ёрдамлашмоқда.

АҚШ ҳавода учоқларга ёқилғи қуйиш ва балки жосуслик маълумотлари билан кўмак бермоқда.

Жазоир ҳам ўз ҳудудидан Франция қирувчи учоқлари парвоз қилиб ўтиб, Мали шимолини нишонга олишларига рухсат берди.

"Франция ҳарбий амалиётларини бир неча ҳафтада тугатишга умид қилмоқда. Аммо Мали улкан мамлакат. Бу ерда исломий жангарилари таҳдидини бартараф этиш дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда анча қийин бўлиши мумкин", дейди Би-би-си таҳлилчиси.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.