BBC navigation

Жазоир: гаровга олинганлар орасида қурбонлар кўп бўлиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 20 январ 2013 - 11:42 GMT

Жангарилар чоршанба куни автобусга ҳужум қилиб, одамларни гаровга олишган.

Жазоир Бош вазири Абдумалик Селлал Аменадаги газ мажмуасида исломий жангарилар гаровда ушлаб турган хорижий ишчиларни озод қилиш амалиёти ниҳоясига етганини тасдиқлаган бўлса ҳам, қурбонлар сони ортиши борасида хавотир билдирган.

Охирги маълумотларга кўра, гаровга олинганларни озод қилиш давомида корхонанинг 23 ходими ҳалок бўлган.

Жазоир матбуоти ёзишича, 32 та жангари ўлдирилган, бошқалари қочишга муваффақ бўлган.

Ҳукумат расмийлари қурбонлар ҳақида маълумотларни бериб боришга ваъда қилишади.

Бир қанча хорижлик - уч британиялик, беш норвегиялик ва ўндан ортиқ Япония фуқароларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Британия бош вазири Девид Камерон уч британиялик ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Руминия ва Колумбия ҳукумати ҳам Жазоирда ўзининг бир нечта одамлари ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

Япония Бош вазири газ иншоотидаги ўз фуқароларининг тақдиридан хавотир изҳор қилган.

Жазоир ҳукуматига кўра, жангарилар томонидан гаровга олинган 573 одам қутқарилган, ундан 132 таси хориж фуқароларидир.

Ассошэйтед Пресс агентлигининг хабар беришича, жангарилар гранатамёт ва автоматлар билан қуролланган бўлишган.

Жазоирдаги газни қайта ишлаш заводи мамлакат пойтахтидан қариийб бир ярим минг километр масофада жойлашган.

Баъзи маълумотларга биноан, ҳужумчилар Франциянинг Малидаги исломий исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатишни талаб қилишган.

Олдинроқ Жазоир ҳукумати Франция қирувчи учоқларига малилик исломийларга қарши ҳаво ҳужумларини амалга оширишда ўз ҳаво ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берган эди.

Америка Президенти Барак Обама Жазоир ҳукуматига Аменадаги вазиятга боғлиқ зарур ҳар қандай ёрдамни таклиф қилган.

"Бу ҳужум- Ал-Қоида ва Шимолий Африкадаги экстремистик гуруҳларнинг қанчалик катта хафв эканини кўрсатади", - деб айтган жаноб Обама.

АҚШ Президенти ҳодисада қурбон бўлганлар учун барча масъулият жангарилар бўйнида эканини таъкидлаган.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам Жазоир ҳукуматининг жангариларга ҳужумини қўллаб-қувватлаган.

Гаровга олиш

16 январ чоршанба куни эрта тонгда исломий жангарилар газ мажмуаси ходимларини маҳаллий қўналғага олиб кетаётган автобусга ҳужум қилган эдилар.

Илк ҳужум пайтида бир британиялик ва бир жазоирлик ҳалок бўлган.

Аменадаги газ иншооти Жазоир давлат нефт ширкати ва Британиянинг ВР шунингдек, Норвегиянинг Statoil ширкатлари билан биргаликда бошқарилади.

Аменадаги гаровга олиш ҳодисаси ортида Мухтор Белмухтор, яқин-яқинларгача "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳи раҳбарларидан бири бўлган шахс турганлиги айтилган.

Мухтор Белмухтор 1980-йилларда Афғонистонда Шўро кучларига қарши мужоҳидлар сафларида курашган.

Ўтган йили у ўз гуруҳини ташкил қилган.

Лекин таҳлилчиларнинг фикрича, бу каби йирик амалиётни қисқа фурсатда амалга ошириш мушкул ва унга жиддий тайёргарлик кўрилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.