BBC navigation

'Жазоирдаги гаровгирлик ҳодисасида 50 тача инсон ўлдирилган бўлиши мумкин'

Сўнгги янгиланиш 21 январ 2013 - 11:54 GMT

Жазоирдаги тўрт кунлик гаровгирлик ҳодисасида ушлаб турилган камида 48 хорижлик ўлдирилган деб кўрилмоқда.

Расмийларга кўра, Амена газни қайта ишлаш иншооти ҳудудида 20 январ куни 25 инсоннинг жасади топилган, уларнинг ҳаммаси гаровга олинганлар бўлганлар.

Жазоир хавфсизлик кучлари катта газ иншоотининг миналаштирилган жойларини зарарсизлантириш ва бедарак кетган инсонларни қидириш ишларини давом эттираётганлари хабар қилинган.

Душанба кунигача 20 гаровга олинган инсоннинг тақдири номаълум қолган.

Якшанба куни газ иншоотига ҳужум қилган исломий жангари деб гумон қилинган беш шахс қўлга олинганини хабар қилишган Жазоир расмийлари.

Уларга кўра, шанба кунги гаровдагиларни озод қилиш амалиёти якунида 32 жангари ўлдирилган.

Жанговор амалиёт бошланиши билан гаровгирлар чет элликларни отиб ўлдиришни бошлаганлари хабар қилинган.

Гаровга олиш ҳодисаси учун масъулиятни ўз зиммасига олган Мухтор Белмухтор ҳужумда 40 жангари иштирок этгани ҳақида айтган эди.

Филиппин расмийларига кўра, олти филиппинлик ўлдирилган, тўрт нафари бедарак кетган.

Уч Британия фуқаросининг ўлдирилгани тасдиқлангаан, яна уч нафарининг тақдири номаълум.

Улар ўлдирилган бўлишлари мумкин, дейилмоқда.

Тўққиз япониялик ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганига қарамасдан, расмий Токио 10 нафар ўз фуқаросининг тақдири номаълумлигини айтган.

Колумбия ва Руминия раҳбарлари бу мамлакатларнинг бир фуқаролари ўлдирилгани тасдиқлангани ҳақида айтганлар.

Бундан олдин бир руминиялик ўлдирилган, уч нафари озод қилинган эди.

Икки малайзиялик ва беш норвегиялик тақдири ҳам номаълум қолмоқда.

Жазоир матбуоти хабар қилишича, газ иншоотида ишлаган 685 жазоирлик ишчи озод қилинган, бироқ улар гаровга олинганми-йўқми, номаълум.

Айрим хабарларга кўра, жангарилар жазоирлик ишчиларга ўзларининг мақсади мусулмон бўлмаганларни гаровга олиш эканини айтган.

Аменадаги гаровга олиш ҳодисаси ортида Мухтор Белмухтор, яқин-яқинларгача "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳи раҳбарларидан бири бўлган шахс турганлиги айтилган.

Гуруҳ чиқарган баёнотда айтилишича, гаровга олиш Франциянинг Малидаги амалиётларига жавобан амалга оширилган.

Лекин Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчисига кўра, бу каби кенг миқёсли амалиётни бунча қисқа фурсат ичида режалаб, амалга ошириш амри маҳол вазифа.

Мухтор Белмухтор 1980-йилларда Афғонистонда Шўро кучларига қарши мужоҳидлар сафларида курашган.

Ўтган йили у ички келишмовчиликлардан сўнг "Исломий Мағрибдаги Ал-Қоида" гуруҳини ташлаб чиқиб, ўз гуруҳини ташкил қилган.

Интернетда Мухтор Белмухторнинг видеоси пайдо бўлган.

Бироқ бу видеомурожаат 17 январ куни, гаровгирлик ҳодисаси ҳали тугамаган пайтда ёзиб олингани хабар қилинган.

Амена газни қайта ишлаш иншооти Жазоир газининг 10 дан бир қисмини етказиб берадиган завод ҳисобланади.

Қонли ҳодисалар туфайли иншоот фаолияти тўхтатиб қўйилган, Жазоир энергетика вазири Юсуф Юсуфий яқин икки кун ичида завод фаолияти қайта бошланиши ҳақида айтган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.