BBC navigation

Шимолий Корея учинчи ядровий каллакни синовдан ўтказишни режалаштирмоқда

Сўнгги янгиланиш 24 январ 2013 - 09:36 GMT

Шимолий Корея ядровий синовлар Қўшма Штатларга қарши қаратилганини яширмайди

Шимолий Корея учинчи ядровий каллакни синовдан ўтказиш режалари ҳақида эълон қилди.

Мамлакат қуролли кучлари қўмондонлигининг Марказий телеграф агентлиги орқали эълон қилишича, "юқори даражали ядровий синов" ва узоқ масофага учувчи ракеталарни чиқариш режалари Пхеняннинг "ашаддий душмани" АҚШга қарши қаратилган.

Синов муддати аниқ билдирилмаган. Шимолий Корея 2006 ва 2009 йилларда икки марта ядровий синовни ўтказган.

Чоршанба куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги БМТнинг янги санкцияларига жавобан мамлакат ҳарбий қудратини кучайтириши ҳақида эълон қилганди.

БМТ санкциялари Шимолий Кореянинг ўтган йили ядровий синовни ўтказишига жавобан олинган.

Шимолий Корея раҳбарияти эса ядровий ракета воситасида коинотга фазо кемасини чиқарганини даъво қилади.

Куч билан жавоб

КХДР Марказий телеграф агентлиги хабарида БМТ резолюцияси "ноқонуний" дея баҳоланган.

"Биз узоқ масофага учувчи турли хил сунъий йўлдош ва ракеталар бизнинг ашаддий душманимиз Қўшма Штатларга қарши қаратилганини яширмаймиз", - деб таъкидланади Шимолий Корея қўмондонлиги баёнотида.

"АҚШга сўз билан эмас, куч билан жавоб қайтариш керак", - деб ҳисоблайди Пхенян.

КХДР учинчи ядровий каллакни синовдан ўтказишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар бир неча ҳафтадан буён тарқалмоқда.

Пхенян баёнотидан бир оз муқаддам Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги "мамлакат раҳбарияти қарор олса, Шимолий Корея исталган пайтда ядровий синовни ўтказишга тайёр" эканини билдирганди.

Минтақа давлатлари ва Қўшма Штатлар Шимолий Кореядан ядровий синовни ўтказиш режаларидан воз кечишни талаб қилганлар.

"Биз умид қиламизки, бундай қилишмайди, биз уларни бундай қилмасликка чақирамиз. Агар шундай қилсалар, бу хато бўлади," - деди Сеулда бўлган Шимолий Корея бўйича АҚШ махсус вакили. - Ҳозир Корея ярим оролида зиддиятни кучайтириш пайти эмас".

Агар Шимолий Корея учинчи синовни ўтказса, бу 2010 йил декабрида Ким Чен Ир ўлими ортидан қудратга келган унинг кенжа ўғли Ким Чен Ин даврида амалга оширилган илк ядровий синов бўлади.

"Юқори даражалари ядровий синов"нинг нима экани аниқ айтилмаётир.

Мутахассисларнинг фараз қилишларича, аввалги синовларда каллакларга плутоний ишлатилган бўлса, бу гал Пхенян тўйинтирилган урандан фойдаланишни режалаштираётган бўлиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.