BBC navigation

Мисрда тартибсизликлар тингани йўқ

Сўнгги янгиланиш 27 январ 2013 - 11:34 GMT

Миср пойтахти Қоҳирада 26 январдан 27 январга ўтар кечаси тартибсизликлар тўхтамаган, Порт Саид шаҳрида бир кун олдинги зўравонликларда нобуд бўлган 30 дан ортиқ инсоннинг дафн маросими якшанба кунига режаланган.

Порт Саид шаҳридан бўлган 21 футбол ишқибозига маҳкама томонидан ўлим жазоси ҳукми эълон қилингани тартибсизликлар келиб чиқишига олиб келди.

Пойтахт Қоҳирада намойишчилар шаҳарнинг муҳим кўприкларидан бирини тўсиб қўйганлар, автомобилларга ўт қўйганлар.

Полициянинг юзини ниқоблар билан тўсиб олган намойишчилар билан тўқнашишларига тўғри келган.

Мухбирларга кўра, Таҳрир майдони атрофида ҳавони кўздан ёш сиздирадиган газ ҳиди тутиб кетган.

Футбол ишқибозларига ўлим жазоси Президент Муҳаммад Мурсийга қарши намойишларга айланиб кетган.

26 январ куни Қоҳирадаги маҳкама ўтган йили февралида 74 инсон ўлимига олиб келган Порт Саиднинг "Ад-Масрий" жамоасининг 21 ишқибозига ўлим ҳукмини эълон қилган.

Ҳукм эълон қилиниши билан норозиликлар бошланиб кетган.

Мухбирларнинг ёзишларича, стадиондаги тартибсизликлар ё полициянинг ўзи ёки собиқ президент Ҳусни Муборакнинг тарафдорлари томонидан уюштирилганига аксар мисрликлар ишонадилар.

Қоҳиралик ишқибозлар агар адолат қарор топмаса, кенг миқёсда тартибсизликлар ташкил қилишлари билан огоҳлантирган эдилар.

Порт Саид шаҳри аҳолиси эса ўз ҳамшаҳарларига бундай қаттиқ жазо тайинланишини сиёсий сабабларга асосланган, деб ишонмоқдалар.

"Тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат бизнинг болаларимизни қурбон қилди", деб айтган порт саидлик Ашраф Саид "Франс Пресс" ахборот агентлиги мухбирига.

Ҳукмдан сўнги Порт Саид шаҳриликлар полиция идораларига ҳужум қилганлар, кўчаларда автомобил ғилдиракларини ёққанлар.

Қариндошлари шаҳардаги қамоқхонада сақланаётган футбол ишқибозларини озод қилмоқчи бўлиб қамоқхонага ҳужум қилганлар.

Уларга қарата ўт очилган.

Шифокорларга кўра, ҳалок бўлган 30 дан ортиқ одамнинг ҳаммасига ўқ теккан.

Бутун шаҳарни отишма овози қоплаб кетган, дўконлар ва бизнеслар ёпилган.

"Тез ёрдам" машиналари ярадорларни шифохоналарга етказишга шошилган, масжидларда ярадорлар учун қон топшириш илтимос қилинган.

Хавфсизлик манбаларидан бири оломон икки полиция идорасига ҳужум қилиб, у ерда сақланаётган 25 кишини озод қилгани, қурол-яроғни қўлга киритганлари ҳақида хабар қилган.

Тартибни сақлаш учун Порт Саидга ҳарбий қўшинлар жойлаштирилган.

Мухолифат Президент Мурсийдан тартибсизликларга чек қўйишнинг "кенг миқёсли" чорасини кўришни талаб қилмоқда, акс ҳолда яқинлашиб келаётган парламент сайловини бойқот қилиши билан таҳдид қилган.

Президент Муҳаммад Мурсий раҳбари ҳисобланадиган Миср миллий мудофаа кенгаши осойишталикка ҳамда сайлов масаласида "мустақил миллий сиёсатчилар" билан мулоқотга чақирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.