BBC navigation

Мали: ноёб тарихий қўлёзмалар тақдири номаълум

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2013 - 11:53 GMT

Тимбуктудаги қўлёзмалар асрлар оша ҳужумлардан сақлаб келинган.

Франция қўшинлари Малида исломий жангариларга қарши ҳарбий амалиётларини давом эттириб, тун оша мамлакат шимолидаги Кидал шаҳрига кириб борганлар. Аввалроқ қўшинлар жангариларни пойтахт Тимбуктудан сиқиб чиқаришганди.

Жангарилар Тимбуктуни тарк этиши ортидан, пойтахтдаги Аҳмад Бобо Институтининг тақдири халқаро ҳавотирларга сабаб бўлган. Институт кутубхонаси аксари араб тилида бўлган минглаб тарихий қўлёзмаларга эга.

Баъзи хабарларга кўра исломий жангарилар бу ҳужжатларни вайрон қилган ва кутубхонага шикаст етказган.

Асрлар оша оврўполиклар Саҳрои кабир четидаги Тимбукту шаҳрини жаҳондаги энг сирли ва қўл етмас жойлардан бири деб кўриб келишган.

Бунга асосан Тимбуктунинг Африка олтин савдосидаги роли сабаб бўлган. Бу шаҳар йироқдаги беқиёс бойликка эга ўлка деб тасаввур қилинган.

Айни дамда Тимбукту илм-фан маркази ҳам эди. Ундаги Санкорай Университети, марокашликлар 1590 йилларда эгаллаб олгунча, Африкадаги энг асосий таълим марказларидан бири бўлган.

Лекин, муҳим қўлёзмалар шаҳарда ва атрофдаги қишлоқларда сақланиб қолган, ва ҳатто ғорларга ё қум остига яширилган.

Бугунда Тимбуктуда камида 100 мингта тарихий ҳужжатлар бор, баъзилар аслида бу сон уч баравар кўп эканига ишонадилар. Бу қўлёзмалар илми нужум, мусиқа, дин ва бошқа илмий мавзулар ҳақида бўлиб, аксар қисми ҳар доим хусусий эгалар қўлида бўлиб келган.

Бугунда энг машҳур оммавий коллекция Аҳмад Бобо Институтида сақланади, уларнинг сони 30 минг атрофидадир. Ҳужжатларнинг 95 фоизи араб тилида.

1960 йилларда Жанубий Африка дастаги билан барпо этилган институт 2009 йилда замонавийроқ бинога кўчиб ўтганди. Аммо, Тимбуктуда бошқа муҳим коллекциялар ҳам мавжуд - улардан бири Мамма Ҳайдара Мемориал Кутубхонасидир.

Тимбуктуликлар асрлар оша бу минглаб бебаҳо ва нозик қўлёзмаларни инсоний можаролар ва ҳужумлардан сақлаб келишган.

Эндиликда исломий жангарилар Тимбуктуни тарк этишар экан, Аҳмад Бобо Институтидаги ноёб коллекцияга шикаст етказилгани борасида хабарлар пайдо бўлган, бироқ қанча қўлёзма ва қай даражада зарар етказилгани борасида маълумот ҳозирча кам.

Кидал ишғоли

Айни дамда француз қўшинлари Мали шимолидаги Кидал шаҳрига кириб боришган, бу исломий жангарилар қўлидан тортиб олиниши режаланган охирги йирик шаҳардир.

Француз аскарлари ҳозирда Кидал аэропортини назорат қилишмоқда, тун оша у ерга бир неча учоқлар ва тикучарлар қўнган.

Исломий жангарилар аллақачон шаҳарни тарк этишгани айтилади. Франция ва Мали қўшинлари мамлакат шимоли бўйлаб юриб, аввалроқ Гао ва Тимбуктуни деярли ҳеч қандай қаршиликсиз қўлга киритганлар.

Малининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция бир ой аввал исломий жангарилар Мали жанубига таҳдид солиши ортидан ҳарбий амалиётларни бошлаганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.