BBC navigation

Хиллари Клинтон Москва ва Эронни танқид қилди

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2013 - 11:39 GMT

Россия ва Эроннинг Сурияга кўмаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигини айтган Клинтон хоним Исроил ҳужумлари ҳақида гапирмаган.

АҚШ Давлат котиби лавозимини тарк этаётган Хиллари Клинтон Эрон Сурия ҳукуматига ҳарбий ва молиявий ёрдам беришни кучайтиргани, Башар ал-Ассад тузуми Россиядан пул ва ҳарбий воситалар олишда давом этаётганидан норози бўлиб гапирган.

Бироқ, ўзининг давлат котиби сифатида бераётган охирги интервьюсида Клинтон хоним Исроилнинг Сурияга нисбатан ҳаво ҳужумига тўхталмаган.

Клинтоннинг фикрича, Москва ва Теҳроннинг дастаклаши можарони Суриядан ташқарига тарқалиши хавотирини кучайтирмоқда.

Айни пайтда Исроилнинг ҳаво ҳужуми борасида Сурия БМТ га норозилик нотасини юборган ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини айтган.

Ўз навбатида Эрон Сурияга ҳаво ҳужуми ўзига нисбатан ҳужум сифатида кўрилишини таъкидлаб, бунга муносиб жавоб қайтарилишини билдирди.

Сурия ҳукуматига кўра, ҳаво ҳужуми Дамашқдан шимоли-ғарбда жойлашган ҳарбий тадқиқот маркази нишонга олинган. Ҳужумда икки киши ўлган, беш киши яраланган.

АҚШ ва бошқа ғарб давлатларининг билдиришича, авиаҳужум Ливаннинг "Ҳезболлоҳ" ҳаракатига "Бук" зенит ракеталарини олиб бораётган автокалоннага етказилган.

Исроилнинг ўзи бу ҳодисани ҳали изоҳламаган.

Россия ва Эрон Исроилнинг ҳаракатларига кескин баҳо беришди.

Исроил авиаҳужумини муҳокама қилишни хоҳламаган Клинтон хоним Эрон учун Башар Ассад ҳукуматини сақлаб қолиш "асосий мақсад" эканлигини урғулаган.

"Эрон шу мақсадда Сурияга яна ҳам катта ёрдамларни Ассадни қувватлаш ва унинг куч ишлатар тизимларини ўқитишга юбормоқда",- деб таъкидлаган Клинтон хоним.

"Бу мамлакатларнинг бурчи, деб таъкидлайди Хиллари Клинтон,- ўзларининг тутган мавқеларини қараб чиқишдир, акс ҳолда Сурия ичидаги воқеалар ташқарига тарқалиши эҳтимоли мавжуд",- дейди у.

Унинг сўзларига кўра, "Ассаднинг қурол-яроғлари тугамоқда, Эрон эса унга юқори сифатли қуролларни етказишни бошлади".

Шу билан бирга Россия ҳам Сурияга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб келаётганига бизда етарли асослар бор, дейди Клинтон.

БМТ ҳисоботига кўра, қариийб икки йил давомида 60 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

"Мен кўп вақтдан буён Суриядаги қонли воқеалар бошқа давлатларни тортиб кетишидан хавотирларни айтиб келаман",- деб айтади Клинтон хоним.

Бироқ Исроилнинг Сурияга авиаҳужумидан кейин Оқ Уй расмий Дамашқни огоҳлантириш билан чиққан.

"Сурия "Ҳезболлоҳ" га қурол етказиб бериб, вазиятни издан чиқариши мумкин эмас",- дейди АҚШ президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Бен Родс.

Ғарб хавотирланишича, Суриянинг кимёвий қуроли "Ҳезболлоҳ"нинг қўлига тушиши мумкин.

Исроил эса ливанлик исломийлар зенит ракеталарига эга бўлиб ўзига хавф етказишини айтади.

Исроилнинг ҳаво ҳужумини Россия ва Эрон қоралаб чиққан бўлса, Ғарб давлатлари бу ҳақда изоҳ беришмаган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.