BBC navigation

Мусулмон маҳкумлар овқатига чўчқа гўшти қўшилган

Сўнгги янгиланиш 3 феврал 2013 - 15:48 GMT

Бу Британияда чўчқа гўшти билан боғлиқ иккинчи жанжалли ҳодисадир.

Британия Адлия вазирлиги турмаларни гўшт билан таъминловчи ширкат билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилган.

Бунга "ҳалол" ёрлиғи ёпиштирилган маҳсулотларда ДНК таҳлилига кўра чўчқа гўшти борлиги сабаб бўлган.

Ҳозирги пайтда бу воқеа юзасидан текширув кетаётганлиги айтилмоқда.

Адлия вазирлиги маълум қилишича, талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар мусодара этилган.

Ислом талабларига биноан, мусулмонлар чўчқа гўшти истеъмол этиши қатъиян таъқиқланади.

Британия Адлия вазири Жереми Райт юз берган ҳодисани "қабул қилиб бўлмайдиган", деб атаган.

Вазирлик олдинроқ Британия супермаркетларида мол гўштидан тайёрланган деб сотилган гамбургерларда от ва чўчқа гўшти борлиги аниқлангач, у маҳсулотларни тайёрлаган ширкатга молларини қайтаришга буйруқ берганди.

Ҳалол сомсалар

Лаборатория текширувлари пайшанба куни аниқ бўлгач, Британиянинг Қамоқхона хизмати воқеага "зудлик билан" аниқлик киритишга киришди, деб маълум қилган Адлия вазирлиги расмийлари.

Озиқ-овқат саноати тармоғидаги тегишли талаблар бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи агентликка кўра, яна шундай бошқа шов-шувли ҳодиса текширилмоқда.

Текширув гўштли сомса ва пироглар ҳақида эканлиги айтилган, бироқ Британиянинг қайси жойида бундай маҳсулот топилгани очиқланмаган.

"Биз содир бўлган воқеа учун узр сўраймиз,- дейилади Адлия вазири мурожаатида, - бу жабр кўрганлар учун жуда ёқимсиз бўлгани аниқ ва ишонтириб айтаманки, биз бу ҳолат билан ўзимизга боғлиқ бўлган барча муаммоларни ечишга ҳаракат қиламиз".

Вазирлик вакилининг атишича, барча қамоқхоналарга талабларга тўғри келмайдиган маҳсулотлар бўйича қатъий кўрсатмалар юборилган.

"Биз маҳсулот етказиб берувчилар билан ҳамкорликни тўхтатиш учун зарур чораларни кўрмоқдамиз",- деб таъкидлаган вазирлик вакили.

Шариатга биноан, чўчқа гўштини истеъмол қилиш тақиқланади, истеъмол қилинадиган бошқа жониворлар гўшти ҳалол ҳисобланиши учун у қўлда сўйилиши ва буни амалга ошираётган киши Аллоҳ сўзини ишлатиб, махсус дуо қилиши лозим бўлади.

Prison Reform Trust хайрия ташкилотининг раҳбари Жулия Лайон Адлия вазирлиги бу воқеани текширишни бошлагани ва содир бўлган воқеа учун кечирим сўраганини маъқуллаган.

"Агар шундай қилинмаса, бу бошқа кўплаб мусулмон маҳбуслар ва уларнинг оилаларини ҳақоратлаган ва ташвишга солган бўлар эди", деб айтган Жулия Лайон.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.