BBC navigation

Метеор ёмғири Россияда юзлаб одамларни жароҳатлади

Сўнгги янгиланиш 15 феврал 2013 - 09:25 GMT

Россиянинг бир қанча шаҳарлари осмонида метеорит портлаши кўринган.

Космик қолдиқнинг тушиши ҳавода бир неча портлашлар билан давом этгани боис минглаб биноларнинг ойналари синиб кетган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, бу ҳодиса кузатилган Челябинск вилоятида 1000 дан ортиқ киши медицина ёрдами сўраб мурожаат қилган.

Яраланганларнинг аксарияти ойна синиқларидан жароҳат олишган. 112 киши шифохонага ётқизилган. Яраланганлар орасида 100 дан ошиқ болалар борлиги айтилмоқда.

Фазовий қолдиқлардан бири Свердловск, Тюмен, Курган ва Қозоғистон чегарасига яқин Чабаркул кўлига қулаб тушган.

"Оловли шар" Россиянинг Урал ва Ғарбий Сибир ҳудудидаги қатор шаҳарларда кузатилган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу метеоритнинг йирик бўлаги эканини маълум қилган.

Қозоғистоннинг Кустанай вилоят аҳолиси ҳам эрталабки 9 да оловли шарни кўришган.

Челябинскликлар метеоритнинг портлаши натижасида ернинг силкингани ва автомашиналар сигналлари ишлаб кетгани ҳақида гувоҳлик беришган. Дастлаб одамлар портлаш овозидан қандайдир ўқув машқлари бўляпти деб ўйлашган.

"Биз ташқарида кучли шуълани сезиб кўчага чиқдик ва кучли портлаш овозини эшитдик", деб айтган челябинсклик киши Асошиэйтед Пресс агентлигига.

Гувоҳлар метеорит Челябинскдан 200 км масофа узоқликдаги Екатеринбургда ҳам кўринганини айтишган.

Мутахассисларга кўра, Урал ҳудуди устида метеоритнинг парчаланиши билан атмосферанинг қуйи қатламларида портлаш юз берганини одамлар гувоҳи бўлишган.

Олдинроқ тарқалган Челябинск марказидан 80 км узоқликдаги ерга метеорит бўлаги қулаб тушгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмаган.

Метеорит ҳодисаси россияликларнинг қизғин баҳсларига сабаб бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, метеоритнинг тушиши Россиянинг бу каби ҳодисалардан умуман ҳимояланмаганини кўрсатади.

Ҳарбийлар ҳодисадан сўнг "улар астероидни кузатишгани, фақат ҳавода ёниб кетади" деб ҳисоблашганини билдиришган.

Олимларга кўра, бу мумкин эмас. Бу каби астероидларни Россия кузатишга ҳам, огоҳлантиришга ҳам қодир эмас. Буни кузатадиган асбоблар фақат АҚШ ва Австралияда борлиги, СССР тарқагач кучли телескоплар , Ўзбекистондаги обсерваторияда қолиб кетганини айтишган.

Астрономия институти ходими Лидия Рихловага кўра, астереоидларни кузатиш жуда қийин. Биринчидан улар фақат Қуёш ёритганда кўринади. Бошқа томондан жуда кичкина ҳажмдаги жисмларни Россия шароитида кўришнинг имкони йўқ.

Россия Фанлар Академияси ҳукумат ва Роскосмосга астероидлар ва космик қолдиқларнинг тушишига қарши, уни олдини олишга қаратилган лойиҳани тақдим этишган. Бироқ лойиҳанинг баҳоси жуда катта бўлиб, уни амалга ошириш учун 10 йилда 58 миллиард рубл керак бўлади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.