BBC navigation

Покистон: гавжум бозордаги портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган

Сўнгги янгиланиш 16 феврал 2013 - 18:06 GMT

Покистон жануби-ғарбидаги асосан Шиа Ҳазоралар истиқомат қиладиган Кветта шаҳридаги портлашда камида 65 инсон ҳалок бўлган.

200 тача инсон жароҳатланган.

Полиция зобити Вазир Хон Носирнинг айтишича, Шиа жамоаси нишонга олинган.

Жаноб Носир сўзларига кўра, бомба масофадан туриб портлатилган.

Бироқ Ассосишейтед Пресс ахборот агентлигининг бошқа бир полиция зобитидан иқтибос қилишича, портловчи модда рикшага ўрнатилган бўлиши мумкин.

Мева-сабзавот бозорининг аёллар ва болалар билан гавжум бўлган қисмида тушдан кейин бомба портлаган.

Яраланганлар шаҳарнинг бир неча шифохонасига олиб чопилган.

Портлашдан кейин ғазабланган оломон ҳодиса жойига тўпланган ва полиция ва хавфсизлик кучларини ўзларини ҳимоя қилмаганликда айблаган.

Ҳукуматдан хавфсизлик кафолатини талаб қилган Шиа жамоаси 10 январ портлашлари қурбонлари жасадини дафн этмай ўтиришди.

Оломон полиция ва қутқарувчиларнинг портлаш жойига ўтиш ва ёрдамга муҳтожларни қутқаришларига изн бермаганлар.

Покистонда тақиқланган сунний исломий гуруҳ "Лашкари Жангви" ушбу портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Бу "Лашкари Жангви" гуруҳининг Кветтадаги сўнгги икки ой мобайнидаги иккинчи кўп сонли инсонлар ўлимига олиб келган ҳужуми бўлган.

10 январ куни портлаш Покистон яқин тарихидаги энг қонли портлаш бўлган эди.

Худкуш ҳужумчилар Шиалар кўп тўпланган билярд клубида ўзларини портлатгани оқибатида камида 92 инсон ҳалок бўлган, 121 киши яраланган эди.

Ғазабланган Шиа жамоаси ҳалок бўлган инсонларнинг жасадларини бир неча кун дафн этмай ўтирдилар.

Улар Покистон расмийларидан хавфсизлик кафолатини талаб қилдилар.

Шиа жамоаси вакиллари билан учрашувдан кейин Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф Балужистон вилоятининг вазирини лавозимидан бўшатди.

Шиаларга кўра, Покистон ҳукумати сунний "Лашкари Жангви" гуруҳига қарши етарли чора кўрмаяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.