BBC navigation

Венесуэла Президенти Уго Чавес Кубадан ватанига қайтиб келган

Сўнгги янгиланиш 18 феврал 2013 - 17:01 GMT

Венесуэлаликлар президентнинг қайтиб келганини хурсандчилик билан кутиб олганлар.

Венесуэла Президенти Уго Чавес тўртинчи жарроҳлик амалиётидан сўнг Кубадан ватанига қайтиб келган.

Уго Чавес ўзининг Twitterдаги блогида Кубанинг собиқ ва ҳозирги раҳбарлари Фидел ва Раул Кастроларга, шунингдек ўз халқига ишончи ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган.

Уго Чавес ўз хабарида даволанишни ватанида давом эттиришини ёзган.

Венесуэлани 14 йил давомида бошқариб келган Чавес 2012 йил октябрда яна олти йиллик муддатга қайта сайланган .

Бироқ 10 январга белгиланган иннагурацияси касаллиги боис номаълум вақтга қолдирилиши мухолифатнинг қаттиқ танқидларига сабаб бўлди.

Венесуэла Олий маҳкамаси танқидлардан сўнг Уго Чавес иннагурациясининг чўзилиши қонуний деб эълон қилишига тўғри келди.

58 ёшли Венесуэла раҳбари бир ярим йил ичидаги тўртинчи жарроҳлик амалиётини Кубада ўтказдирди.

Олдинроқ Уго Чавес касалхонада қизлари даврасида жилмайган ҳолда газета ўқиётгани акс этган сурати оммага ҳавола қилинганди.

Чавес Twitterдаги блогида "Биз яна Венесуэладамиз. Севимли халқимга раҳмат! Даволаниш бу ерда давом этади" дейди. Бироқ ўзининг аҳволи ва вазифасини ҳозир давом эттира олиши ҳақида кенгроқ маълумот бермаган.

"Ғалабага олға! Биз яшаймиз ва ғалаба қозонамиз",- деб ёзади у.

Венесуэла ахборот воситалари мамлакатни вақтинча бошқариб турган вице-президент Николас Мадурога иқтибосан Уго Чавес ҳарбий касалхонага кетганини билдирган.

Баъзи маълумотларга кўра, Уго Чавес бел қисмига яқин жойда жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.