BBC navigation

Сурия мухолифати музокараларни бойқот қилди

Сўнгги янгиланиш 23 феврал 2013 - 10:44 GMT

Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги Москва, Вашингтон ва Римда ўтадиган музокараларга ўз вакилини юборишдан бош тортган.

Жума куни эълон қилинган мурожаатда айтилишича, мухолифат коалицияси "Сурия дўстлари"нинг халқаро анжуманида иштирокини тўхтатади.

Бунга асосий сабаб "Сурияда тинч аҳолининг қирилаётганлигини кўра туриб халқаро ҳамжамиятнинг чора кўрмаётганлиги" эканлигини айтган.

"Юзлаб тинч фуқаролар "Скад" ракеталарининг ҳужумидан ҳалок бўлишди. Қадимий Алеппо шаҳри ва унинг тинч халқини қириш режаси давом этмоқда",- дейилади мурожаатда.

"Россия ҳукумати Сурия тузумини қурол билан таъминлаётгани учун бунга бевосита масъулдир",- деб ҳисоблашмоқда мухолифат аъзолари.

Кузатувчиларга кўра, можаронинг иккала томони ҳам қон тўкилишларининг тўхтатилишига масъул. Бироқ Сурия ҳукумати ҳам, мухолиф кучлари ҳам давом этаётган урушда ўз ғалабасига ишонмоқда ва бир-бирига ён босишни истамаяпти.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров жума кунги портлашларга нисбатан АҚШнинг тутган мавқеини иккиюзламачилик деб атаган. Камида 60 кишининг умрига зомин бўлган портлашларни Оқ Уй раҳбарияти муҳокама қилишни хоҳламагани Россия ҳукуматининг танқидига сабаб бўлган.

Расмий Дамашқ Россия элчихонаси яқинида рўй берган портлашни "террористлар иши" дея баҳолаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.