BBC navigation

Олмония вазири от гўштини камбағалларга беришни таклиф қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 24 феврал 2013 - 15:01 GMT

Олмония иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Дирк Нибел таркибида от гўшти борлиги аниқланган гўшт маҳсулотларини фақирларга тарқатишни таклиф қилган.

Дунёда, деб айтган вазир, 800 миллионга яқин инсон очликдан азоб чекмоқда. “Ҳатто Олмонияда афсуски овқатга пули йўқ одамлар бор. Менинг фикримча, ейишга яроқли яхши маҳсулотни шунчаки улоқтиришимиз яхши эмас,” - деган жаноб Нибел.

Дирк Нибелнинг сўзларига кўра, от гўштини камбағалларга тарқатиш ғоясини бошқарувдаги Насроний-демократик партияси қувватлаган..

Ўз навбатида немис мухолифати вазирнинг бу таклифини "бемаъни" деб атаб, бу нарса мамлакатдаги камбағалларни ҳақоратлайди, деб билдирган.

Жаноб Нибелнинг таклифини Олмонияда қариийб 20 протестант черковини бирлаштирадиган Инжил черкови маъқуллаган.

Черков вакиллари маҳсулотларни нотўғри ном билан қадоқланишини танқид қилиш билан бирга саломатликка зарари йўқ овқатни бемалол истеъмол қилиш мумкинлигини айтишган.

Британияда мол гўшти маҳсулотлари ичидан от гўшти чиқиши бутун Оврўпони ваҳимага солган.

2013 йил январида Британия супермаркетларидаги ярим тайёр маҳсулотлар таркибидан от гўшти топилган.

Шунга қарамасдан ишлаб чиқарувчилар уларнинг маҳсулотлари мол гўштидан тайёрланганини таъкидлаганлар.

Кейинроқ от гўшти билан боғлиқ жанжаллардан сўнг, Оврўпонинг қатор мамлакатларида ҳам мол гўшти ўрнига от гўшти солинган маҳсулотлар сотилаётганлиги аниқланган.

Ундай маҳсулотларнинг ҳаммаси савдодан олиб ташланган.

Британияда от гўшти жанжали билан боғлиқ суриштирув ишлари орқасидан ёлғон маҳсулотлар ишлаб чиқаришда гумонланиб уч киши ҳибсга олинган.

25 февралда бўлиб ўтадиган Оврўпо Иттифоқи мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирлари учрашувида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири бўлиши айтилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.