BBC navigation

Эрон ядровий инқирози: Қозоғистондаги йиғин қандай тўхтамга келди?

Сўнгги янгиланиш 27 феврал 2013 - 09:32 GMT

Ғарб Эрондан уранни тўйинтирувчи иншоотларини беркитишни талаб қилмоқда.

Қозоғистонда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида унинг зиддиятли ядровий дастурига бағишланган музокаралар поёнига етди.

Музокаралар якунига оид тафсилотлар ҳозирча эълон қилингани йўқ, бироқ Рейтер ахборот агентлигининг Эрон Давлат Телевидениесига иқтибосан маълум қилишича, тарафлар мутахассислари учрашиб, ядровий дастурнинг техник жиҳатларини мубоҳаса этишга келишиб олганлар.

Олма отада бўлиб ўтган музокараларда эронлик музокарачилар АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия ва Олмония (5+1) расмийлари билан учрашганлар.

Қозоғистондаги музокаралар 2012 йилда натижасиз якунланган давра учрашувидан кейин илк бор ўтказилган.

Дунёнинг қудратли давлатлари Эронни ядровий қурол ишлаб чиқариш йўлларини излаётганликда айблашади, расмий Теҳрон эса бу айбловларни қатъиян рад этади.

Эрон ядровий дастур соф фуқаровий мақсадларни кўзлагани, уран тиббий изотоплар яратиш учун тўйинтирилаётганини таъкидлайди.

2010 йилдан буён Эрон уранни 20% даражасида тўйинтирган.

Теҳрон уранни тўйинтириш ишларини тўхтатиш ҳақидаги ғарб давлатлари талабларини давомли рад этиб келади.

Музокараларнинг очилиш маросимида ғарб давлатларининг етакчи музокарачиси Баронесса Кэтрин Аштон Эронга "ўзгартирилган" дея таърифланган таклифни илгари сурган.

Ушбу таклифда ҳам уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ва уранни тўйинтиришга мослаштирилган Фордо ер ости иншоотини ёпиш талаб қилингани ишонилади.

Бунинг эвазига Эронга нисбатан қўлланилаётган баъзи санкциялар бекор қилиниши мумкин, дея таъкидланади баъзи хабарларда.

Баъўи жазо чоралари туфайли Эрон иқтисодиёти ортга кетди: нефтдан олинган даромад қисқарди, миллий пул қадри тушди, ишсизлар сони кескин ортди.

Эронга тегишли Пресс ТВнинг хабар беришича, Эрон ҳам ғарб давлатларига "янги таклифлар мажмуини тақдим этган", аммо ушбу таклифлар тафсилоти маълум эмас.

Олма ота музокаралари Исроилнинг агар бошқа усуллар иш бермаса, Эрон дастурини куч билан тўхтатиши ҳақидаги огоҳлантиришлари ортидан бўлиб ўтган.

Жорий ой бошида Эрон ўз ҳудудида янги уран кони топилгани ва ядровий дастурни кенгайтиришни режалаштираётганини эълон қилди.

Эроннинг айтишича, янги кон мамлакат уран заҳираларини уч бараварга кўпайтиради.

Музокаралардан ўн кун муқаддам Эрон Натанз ядровий станциясидаги центрифугаларни янгилашини билдирди. Янги центрифугалар уранни эскиларига қараганда икки-уч баравар тез тўйинтиришга қодир экани ишонилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.