BBC navigation

Америка бюджети 85 миллиардга қисқаради

Сўнгги янгиланиш 2 март 2013 - 13:41 GMT

Президент Обама музокаралар республикачилар туфайли зое кетганини айтган.

Президент Барак Обама АҚШ ҳукумати харажатларини 85 миллиард долларга қисқартириш ҳақидаги фармонга имзо чеккан.

Қисқартиришларга Демократлар ҳам, Республикачилар ҳам қарши чиқишган, бироқ икки партия сиёсатчилари бюджет бўйича бир келишувга эришолмадилар.

Жумладан, ҳарбий харажатлар 44 миллиард, соғлиқни сақлаш тизими харажатлари 11 миллиардга қисқартирилиши кўзда тутилади.

Халқаро валюта жамғармаси бу қисқартиришлар глобал иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида хавотир билдирган.

Америкалик таҳлилчилар таъкидлашича, қисқартиришлар бартараф этилмас экан АҚШда Ялпи ички маҳсулот 2013 йилда атиги 1,4 фоиз ўсиши мумкин.

2012 йилда Америка иқтисоди 2,2 фоиз ортгани айтилган.

Оқ Уйдаги музокаралар чоғида америкалик сиёсий раҳбарлар ҳукумат харажатларини жиддий қисқартиришдан сақлаш бўйича келишувга эришилмаган.

Президент Барак Обама республикачиларни музокараларни чиппакка чиқаришда айблаган. Республикачилар вакиллари солиқларни оширишни рад қилиб чиқишган.

"Ҳар доим биз иқтисодий янгиликлардан хабардор бўларканмиз, биз биламизки, конгресс зарур чораларни кўрганда бу янгиликлар яхшироқ бўлиши мумкинлигини англаймиз",- деб айтган Обама Демократик ва Республикачи партиялар етакчилари билан учрашувдан сўнг.

Жаноб Обаманинг сўзларига кўра, харажатлар қисқариши бўйича келишувга эришилмай конгресс "Америкага жароҳат етказган".

Ўз навбатида Республикачи Жон Байнер унинг партияси солиқлар янада ошишига қараб турмаслигини айтган.

Республикачилар ҳарбий харажатларни 30 миллиардга қисқариши ва даромади 1 миллиондан ошадиган шахсларга солиқни кўпайтиришга қарши овоз берганлар.

Сўровларга кўра, аксарият америкаликлар ҳозирги иқтисодий инқирозда конгресс ва республикачиларни айбдор деб билишади.

Республикачилар ва Демократлар эса бир-бирларини айблашмоқда.

Таҳлилчилар иккала партия учун Америка иқтисодидан кўра ўз принципларини ҳимоя қилишга ўтиб олишганини танқид қилишган.

Миллионлаб давлат хизматчиларига йил бошида мажбурий 22 кунлик ўз ҳисобидан дам олишга чиқарилган.

Оқ Уй расмийларига кўра, бюджет қисқаришлари олдинги етти ой ичида амалга оширилади.

27 мартда вақтинчалик бюджет муддати тугаши билан конгресс янгисини қабул қилиши лозим бўлади. Акс ҳолда бир қанча федерал агентликлар фаолиятини тўхтатишига тўғри келади.

Вашингтондаги Би-би-си мухбири Президент Обаманинг шу сўзларини келтиради: "Жаҳондаги энг қудратли давлат бир инқироздан иккинчи инқирозга ўралашиб, ўзининг ишини давом эттира олмаяпти".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.