BBC navigation

Чавес ўлими ортидан 30 кун ичида сайлов эълон қилинади

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 23:45 GMT
Уго Чавес

Уго Чавеснинг сўнгги расмларидан бири

Венесуэла Ташқи ишлар вазири Элиас Хауа мамлакат президенти Уго Чавеснинг вафоти ортидан етти кунлик мотам эълон қилган. Жаноб Хауа президентнинг жасади тантанали юриш билан пойтахт Каракасдаги Ҳарбий Академияга олиб борилишини билдирди.

Президентнинг жасади академияда жума кунигача қолади. Жума куни давлат дафн маросими бўлиб ўтиши режаланган.

Дафн маросимигача Чавеснинг тарафдорлари у билан видолашишлари мумкин бўлади.

Жаноб Хауа, шунингдек, келгуси ўттиз кун ичида сайловлар эълон қилинишини билдирди.

Мухбиримизга кўра, сиёсий партиялар учун ҳар бир дақиқа муҳим. Таҳлилчиларга кўра, президентнинг ўрнини жаноб Чавес томонидан меъросхўр деб танланган Вице-Президент Николас Мадуро муваффақиятли эгаллаши кутилади.

Мухолифат ҳали ўз расмий номзодини эълон қилгани йўқ, лекин ўтган йили мағлуб бўлган номзод Энрике Каприлес яна пойгага қўшилиши кутилади.

Каракасдаги мухбиримизга кўра етти кунлик мотам давомида мактаблар ёпиқлигича қолади ва Венесуэла кўчалари эса одамлар билан тўлади.

Саратон

Венесуэла Президенти Уго Чавес 58 ёшида оғир хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмди.

Бу ҳақда унинг вице-президенти телевидение орқали эълон қилди.

Чавес жаноблари ўтган ой Кубада саратонга қарши муолижа олиб қайтганидан бери омма ўнгида кўриниш бермаётганди.

Чуқур қайғуда чиқиш қилган вице-президент Николас Мадуро унинг ўлими тўғрисидаги хабарни сешанба куни кечқурун халққа етказди.

Бу пайтда Венесуэланинг етакчи сиёсатчилари ва ҳарбий раҳбарлари унинг ёнида туришди.

Аввалроқ, вице-президент Мадуро кимёвий терапия туфайли кучсизланган Чавес жанобларининг нафас йўлларида янги инфекция аниқлангани ҳақида эълон қилган ва мамлакат раҳбари ўз ҳаётидаги “энг қийин соатларни бошидан кечираётгани”ни айтганди.

Айни пайтда жаноб Мадуро Америка Қўшма Штатларини Венесуэла “демократиясини барбод этишда” айблаган ва Венесуэла армиясига жосуслик қилгани учун икки АҚШ дипломатии мамлакатдан чиқариб юборилганини ҳам билдирди.

Ҳарбий ҳозирлик

Вице-президент сешанба куни кечқурун қилган қайғули чиқишида Чавес жаноблари “қарийб икки оғир хасталикка қарши курашдан сўнг” оламдан ўтганини айтди.

Венесуэлада мотам...

У Уго Чавесга илк бор 2011 йил саратон ташхиси қўйилгани борасидаги хабар Венесуэла душманлари томонидан жирканч йўлда ўйналганига шубҳа қилмаганини айтди.

Венесуэла радиосига кўра, мамлакат бўйлаб ҳарбий қўшинлар жойлаштирилган.

Ҳарбийлик ўз баёнотида мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини муҳофаза этишини айтган. Шунингдек, ҳарбийлик вице-президент ва парламентга содиқ туришини қўшимча қилган ҳамда одамларни оғир- босиқликка чақирган.

Конституцияга мувофиқ Венесуэла Конгресси раҳбари Диосдадо Кабелло сайловларгача муваққат президентлик вазифасини қўлга олади.

Уго Чавес ўтган йили октябрида ўтказилган президентлик сайловида ғолиб чиққан ва шу йил 10 январида президентлик қасамёдини қабул қилиши лозим эди.

Бироқ саломатлиги туфайли қасамёд қабул қила олмади, Венесуэла Олий маҳкамаси инагурация маросимини кечроқ ўтказиш мумкин, дея қарор чиқарганди.

Аргентина Президенти Кристина Фернандез де Кирчнер жаноб Чавеснинг ўлими борасидаги хабардан сўнг барча иш режаларини бекор қилган.

У ва марҳум эри Нестор Кирчнер Венесуэла раҳбарининг яқин дўстларидан бўлган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.