BBC navigation

Афғонистон: Зийнат Карзай афғон аёллари орзу-умидлари ҳақида

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 14:15 GMT

"Бир афғон аёли сифатида ҳам, давлат раҳбарининг рафиқаси сифатида ҳам ўз вазифаларимни адо этишга ҳаракат қилиб келаман".

Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан Би-би-сининг Афғон хизмати Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайнинг рафиқаси Зийнат Карзай билан суҳбатлашган.

Оммавий-ахборот воситаларида жуда кам кўриниш берадиган Карзай хоним нима учун бу қадар камтарлик қилиши ва ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остидаги ҳаёти ҳақида сўзлаган.

Карзай хоним шунингдек, Афғонистон аёллари учун орзу умидлари ҳамда Толиблардан кейин ҳаёт қанчалар ўзгаргани ҳақида фикрларини баён қилган.

"Жуда кўп ўзгаришлар бўлди. 2001 йилдан олдинги афғон аёлларининг аҳволини бир эсга олинг. Оллоҳга хамд бўлсинки, аёлларимиз ҳаётида жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз берди. Қаранг, қанча қизларимиз мактабга боришаяпти, қанча аёлларимиз унисерситетларда таҳсил олишмоқда. Давлат идораларини олинг. Аёлларимизнинг роллари қанчалик катта. Парламентдаги аёлларимизга назар солинг. Буларнинг ҳаммаси охирги ўн йилда қўлга киритилган ютуқлардир",- дейди Зийнат Карзай.

Сиз университетни битирган зиёли бир аёл, докторсиз. Бу маънода кўпгина афғон аёлларига ўрнак бўлишингиз мумкин. Аммо президентнинг рафиқаси сифатида сизнинг ролингиз унчалик кўзга ташланмайди. Яъни сиз одамлар билан фаол мулоқот қилмайсиз. Нима учун?- деган саволга Афғонистоннинг биринчи аёли:

"Унчалик ҳам алоқа йўқ. Тўғри, мен ўқимишли аёлман, докторман, аммо сиз Афғонистондаги вазиятни жуда яхши биласиз. .. рост, мен телевизор ёки матбуот воситаларида чиқмайман. Аммо бир афғон аёли сифатида ҳам, давлат раҳбарининг рафиқаси сифатида ҳам ўз вазифаларимни адо этишга ҳаракат қилиб келаман. соғлик, таълим, айниқса, аёллар билан боғлиқ соҳаларда мен ўз зиммамга тушган вазифаларни тўла адо этишга ҳаракат қиламан",- дея жавоб беради.

Афғонистонда аёлларга пастроқ назар билан қаралиши, оилада қиз бола туғилса унчалик хурсандчилик саналмаслиги каби ҳолатлар ҳақида сўз кетар экан, Би-би-си мухбири Карзай хонимдан

- Сиз ҳам қиз туққан бир она сифатида шундай муомалага дуч келганмисиз?- деб сўраган.

"Ҳа.. Аммо менинг ўғлим ҳам бор. Марвайсжон. Биринчи фарзандим ўғил, иккинчиси қизчам. Ҳаммамиз ҳам афғон жамиятида яшаймиз, мен ҳам сиз айтган нарсаларни эшитганман. Аммо мен учун, болаларимнинг отаси учун ҳам ўғилми, қизми, фарқи йўқ. Қиз бола, бу - Оллоҳнинг энг ката инояти. Ота-оналар ўғилларига ҳам, қизларига ҳам бирдек тарбия ва таълим беришлари фарз",- деб айтган Ҳомид Карзайнинг рафиқаси Зийнат Карзай.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.