BBC navigation

Усама бин Лодиннинг куёви АҚШда маҳкамага тортилади

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 10:55 GMT

АҚШ расмийларига кўра, Абу Ҳайт Нью Йорк ва Вашингтонда 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган портлашларга алоқадор бўлиши мумкин.

"Ал-Қоида"нинг сўзчиси ва Усама бин Лодиннинг куёви бўлган Сулаймон Абу Ғайз Нью-Йоркда маҳкамага юз тутади.

АҚШ расмийларига кўра, Абу Ғайз Нью Йорк ва Вашингтондаги 2001 йил 11 сентябр портлашларига алоқадор кўрилади.

Бу ҳақда Америка конгресси вакили Питер Кинг маълум қилган.

Абу Ғайз ўтган ҳафтада Иорданияда қўлга олинган эди. АҚШ ҳукумати Абу Ғайзнинг қандай ушлангани борасида кўп маълумот тарқатмаган.

Айни пайтда Туркиянинг Hurriyet газетининг ёзишича, бундан бир ой олдин Абу Ғайз Туркияда ушланган, бироқ унинг ҳеч қандай жиноят қилганлиги аниқланмагач, полиция қўйиб юборишга қарор қилган.

АҚШ расмийларига кўра, Абу Ғайз Нью Йорк ва Вашингтонда 2001 йил 11 сентябрда уюштирилган портлашларга алоқадор кўрилади.

Марказий Разведка Бошқармасининг Нью Йорк бўлими бошлиғи Жорж Венизелос "Сулаймон Абу Ғайз Ал-Қоида сафларида асосий мавқелардан бирини эгаллаган", деб айтади.

"У ўзининг вазифасидан Қўшма Штатларга таҳдид ва Америка душманларига таъсир ўтказишда фойдаланган",- деб таъкидлайди жаноб Венизелос.

Абу Ғайз муқаддам Қувайтдаги масжидлардан бирида имомлик қилгани айтилади. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг Қувайт фуқаролигидан ажралган.

АҚШ Адлия вазирлиги вакиллари иддао қилишича, 2001 йил май ойидан 2002 йил охиригача Абу Ғайз Усама бин Лодин билан яқин алоқада бўлган, "Ал-Қоида" номидан чиқиш қилиб, бу каби портлашлар давом этишини билдирган.

Америка маҳкамасида мавжуд ҳужжатларга кўра, 2001 йил 12 сентябрда Абу Ғайз Усама бин Лодин ва Айман Заваҳарий билан бирга видеомурожаатда тушиб, Американи "унга қарши буюк армия йиғилаётгани"нидан огоҳлантирган ҳамда мусулмонларни яҳудийлар, насронийлар ва америкаликларга қарши курашга чақирган.

Айтилишича, 2002 йилда Абу Ғайз Эронга қочган.

Ассошиэйтед Прессга Иордания хавфсизлик хизмати ходимининг билдиришича, Абу Ғайз икки мамлакат ўртасидаги экстрадиция бўйича шартномадан келиб чиқиб АҚШга топширилган.

Бу "Ал-Қоида" аъзоси устидан Америкада ўтадиган дастлабки маҳкамалардан бири ҳисобланади.

"Хавфли жиноятчи"

2011 май ойида Америка кучларининг Покистонда ўтказган амалиёти натижасида Усама бин Лодин Абботободдаги яширин қароргоҳида ўлдирилган эди.

Конгрессмен Питер Кинг "Ал-Қоиданинг раҳбарлари бирин-кетин қўлга олинаётганлигини ва бу Америка хавфсизлик кучларининг хизмати эканини таъкидлайди.

11 сентябр портлашларидан сўнг Human Rights First ташкилотининг ҳисоботига кўра, 67 хорижлик Америка маҳкамаси томонидан терроризмда айбдор деб топилган.

Усама бин Лодиннинг куёви Сулаймон Абу Ғайз жума куни америкаликларни ўлдиришни режалаштирганлик айблови билан фуқаролик маҳкамасига келтирилади.

Бир қанча америкалик сиёсатчилар Абу Ғайзни Нью Йорк маҳкамасига берилишини танқид қилишган.

"Биз учун Усама бин Лодинга шу қадар яқин турган шахс ишини фуқаролик маҳкамасида кўриш охирги қадам бўлиши керак. Бу одам Гуантанамода бўлиши лозим", деб айтган республикачи сенаторлардан бири.

Америка ҳукумат расмийси эса маҳкама Президент Обаманинг миллий хавфсизлик борасидаги режаларига асосан ўтаётгани, Гуантанамога яна қўшимча маҳбусларни олиб кириш эмас, уни ёпиш кераклигини билдирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.